Android’нинг навбатдаги версияси 9 бўлмайди

Android’нинг навбатдаги версияси 9 бўлмайди

Android операцион тизимининг 8.0 Oreo версияси яқиндагина тақдим этилган эди. Ушбу талқинга Samsung ва бошқа кўпчилик ишлаб чиқарувчиларнинг айрим смартфон ва планшет моделларини янгилаш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берганмиз. Шу билан бирга, мазкур версиянинг нуқсонлари ҳам чиқа бошлаганидан хабарингиз бор.

Энди эса, Android’нинг кейинги йирик янгиланиши ҳақида интернетда хабарлар пайдо бўла бошлади, деб ёзади Android Police ресурси.

Маълумотларга кўра, Google тақдим этаётган операцион тизимнинг навбатдаги версияси Android 9 эмас, балки 8.1 рақамини олади. Аммо у 8.0 талқинидаги каби 26-даражадаги эмас, балки 27-даражадаги API’ни қўллайди.

Янги талқиннинг «ширин номи»га келсак, афтидан, Android 8.1 ҳам барибир Oreo номини сақлаб қолади. Манбаларга кўра, Android 8.1 бошқаруви остида ишлайдиган илк қурилмалар – шу йилнинг октябрида чиқиши кутилаётган иккинчи авлод Pixel смартфонлари бўлади.

Шунингдек, манбанинг хабар беришича, Android 8.1 версиясида Google Lens иловасининг пиктограмкаси алмашади. Бундан ташқари, Apple AirPods’га рақобатчи сифатида чиқариладиган, кодли номи Bisto бўлган смарт-қулоқчин ҳақида ҳам эслаб ўтилган.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.