Android учун энг яхши таржимон-иловалар

  •   DiMaX
  •  9710
  •  25.05.2017 16:39

Android учун энг яхши таржимон-иловалар

Тил ўрганишнинг ҳозирги кунда йўллари, воситалари кўп. Жумладан, Android-қурилмалар учун ажойиб таржимон-иловалар ҳам чиқарилган. Улардан айримлари турли тиллардаги матнни ўгириб бериш билангина чекланиб қолмасдан, фотосуратлардаги ёзувларни, интернет-саҳифаларни ва ҳатто реал вақт режимидаги нутқни ҳам таржима қила олади!

Бугун таржима масаласида ёрдам берувчи энг яхши Android-иловалар хусусида тўхталамиз.

1. Microsoft Translator

Android учун универсал таржимон, овозли нутқни англаши туфайли у сўзлар таржимасини янги босқичга кўтаради. Бирор жумлани айтсангиз бас – илова уни олтмишдан ортиқ (!) тил орасидан сиз истаган бирига ўгириб бера олади. Тўғри, бу функцияни тўлақонли, деб бўлмайди. Сўзларни ўта даражада аниқ ва тушунарли талаффуз этиш керак бўлади.

Бундан ташқари, ичига ўрнатилган сўзлашгич туфайли, керакли жумлани ва талаффузни танлаш жуда осон. Агарда бирор жойда сиз тушунмайдиган матн бўлса, уни суратга олишингиз кифоя – Microsoft Translator уни таржима қилиб бера олади.

Бу дастурнинг энг кучли жиҳатларидан бири – «Суҳбат» режимидир. У туфайли турли тилларда гапираётган икки киши суҳбат учун ўз уяли қурилмаларини синхронлаб, реал вақт режимида таржималар билан суҳбатлашишлари мумкин.

Афзалликлари:

  • Тасвирдаги матнни ўгириш
  • Ичига ўрнатилган сўзлашгич
  • Реал вақт режимида таржима
  • Офлайн-режим
  • Нутқни «йўл-йўлакай» ўгириш

Microsoft Translator иловасини мана бу ҳавола орқали олиб ўрнатиш мумкин.

2. Яндекс. Таржимон

Мазкур бақувват таржимон-илова содда интерфейсга ва жуда катта функционалга эга. Луғати 90 дан ошиқ тилни қўллаб-қувватлайди; танланган тилларда эса офлайн-режимда ҳам ишлайди. Яндекс. Таржимон нафақат гаплар ва матнларни, балки бутун бошли сайтларни ҳам таржима қила олади. Бунинг учун матн териш қаторига интернет-саҳифанинг манзилини ташлаш кифоя.

Дастурда овозли матн киритиш ҳамда матнларни овозли ўқиб бериш функциялари ҳам мавжуд. Шунингдек, Яндекс. Таржимон фототаржимани ҳам қўллаб-қувватлайди – фотосуратлардаги матнларни таниб ўқиб, ўгириб бера олади. Таржима қилинган матнларни электрон почтага, ижтимоий тармоқларга ва «булутли» сақлагичга юбориш каби имкониятлари ҳам бор.

Афзалликлари:

  • 90 та тил
  • Офлайн-режим
  • Фототаржима
  • Интернет-саҳифалар таржимаси

Яндекс. Таржимонни Google Play расмий дўконидан мана бу ҳавола ёрдамида олиб ўрнатиш мумкин.

3. Google Таржимон

Android тизимидаги қурилмалар учун чиқарилган таржимон-иловалар орасида энг кўпфункциялиси шу бўлса керак. Бу – расмдаги матнни реал вақт режимида ўгириб берувчи ягона дастурдир. Бунинг учун иловани ёқиб, тегишли функциясига ўтиб, камерани ўша расмга қаратиш кифоя!

Шунингдек, қўлёзма тарзида киритилган сўзларни ўқиб англаш ва ўгириш функцияси ҳам мавжуд. 32 та тилдаги оғзаки нутқни (ва тескари йўналишда) автоматик таржима қила олиши эса унинг устун жиҳатларидан бири ҳисобланади. Исталган тилдаги таржималарни белгилаб, сақлаб қўйиш имкони мавжуд – кейинчалик керак бўлиб қолганида фойдаланиш учун.

Афзалликлари:

  • 103 та тил
  • 52 тилдан ва тескари йўналишда офлайн таржима
  • Камерадан бир лаҳзада ўгириш
  • Қўлёзмадан таниб ўгириш
  • Кенгайтирилган сўзлашгич

Google. Таржимонни қурилмангизга ўрнатиш учун мана бу ҳаволадан фойдаланасиз.

4. Translate.Ru таржимони

Мазкур таржима сервисининг Android учун чиқарилган иловаси муаллифларининг таъкидлашича, улар энг аниқ таржимани тақдим этишади. Уларнинг бу даъвосига ишонса бўлади, ахир, дастурда аниқ бир сўзнинг у ёки бу соҳада қўлланишидан келиб чиққан ҳолда таклиф этилувчи таржималарини кўрасиз.

Translate.Ru таржимонида ҳатто грамматика, сўзларнинг турланиши ва тусланишига оид батафсил маълумотлар ҳам тақдим этилади. Бир неча тиллардаги сўзлашгичларни смартфонингизга юклаб олиш имкони ҳам мавжуд.

Бу илова, айниқса, кўпдан бери хорижий тилни ўрганиб келаётган ва янада чуқурлаштирилган таржимани олишни истовчиларга жуда қўл келади. Тасвирлардаги матнларни ўгириш, шунингдек, интернет-саҳифалар таржимаси каби функциялари ҳам бор.

Афзалликлари:

  • Фотосуратдаги матнни таниб, ўгириш
  • Исталган иловадан бир лаҳзада таржима
  • Таржима аниқлиги учун 18 та мавзу
  • Овозли матн киритиш ва талаффуз
  • Роумингда трафикни тежаш режими

Google Play расмий дўконидан Translate.Ru таржимонини ушбу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

5. iTranslate

Агарда сизга мураккаб таржималар эмас, балки шунчаки оддий ва тезкор таржималар зарур бўладиган бўлса, Android-гаджетлар учун ишлаб чиқилган iTranslate иловасини танлашингиз мумкин. Унда тўқсондан ошиқ тилдан таржима қилиш имкони бор, уларнинг ярмидан кўпроғида нутқни таниб ўгириш функцияси киритилган.

Дастурнинг созламаларида сиз талаффузнинг овоз баландлигини, унинг тезлигини созлашингиз, эркак ёки аёл овозини танлашингиз мумкин. Аввал таржимаси сўралган барча сўзлар сўровлар тарихида сақланади, тезликда топиш учун улардан кераклиларини «танланганлар»га киритиб қўйишингиз мумкин.

Афзалликлари:

  • 90 дан ортиқ тилни қўллаб-қувватлаш
  • Ўгирилган жумлаларни овоз чиқариб ўқиш
  • Тилнинг турли ҳудудий вариантлари
  • Луғатлар, кўп маъноли сўзларнинг изоҳлари ва синонимлари
  • Транслитерация ва сўровлар тарихи

Android-девайсингизга iTranslate иловасини мана бу ҳавола ёрдамида кўчириб олиб ўрнатиш имкони мавжуд.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!