Android учун энг зўр браузерлар

  •   DiMaX
  •  5495
  •  16.03.2017 12:27

Android учун энг зўр браузерлар

«Яшил роботчали» қурилмалар учун браузер танлаш ҳам бирмунча жиддий масала. Чунки, бугунги кунга келиб Google Play тақдим этган иловаларнинг аксарияти веб-саҳифаларни очиш тезлиги жиҳатидан ажойиб. Энди юзерларнинг эътиборини тортиш учун курашда қулайлик инобатга олина бошлаган: фойдаланишнинг соддалиги ва қўшимча опциялар мавжудлиги муҳим. Аммо ҳатто шулар орасидан ҳам сўзсиз етакчи бўлган браузерлар бор ва уларнинг муҳим жиҳатларига қуйида тўхталиб ўтамиз.

UC Browser

Гарчи бир замонлар кенг тарқалган «Опера»нинг йўлидан бораётган бўлса-да, бу – ҳақиқий «комбайн» браузер. Унда керакли функцияларнинг ҳаммаси бирданига, «қутисини очишингиз билан» тайёр – фойдаланиб кетаверасиз. Айни дамда, бирорта рақобатчи браузерда мавжуд бўлиб, UC Browser’да учрамайдиган опцияни топишнинг ўзи қийин.

Агарда стол компьютери учун мўлжалланган браузерлардан қолишмайдиган даражада бақувват Android-илова керак бўлса, UC Browser – энг мақбул танлов! Уни, шунингдек, TAS-IX’даги илк профессионал иловалар дўкони – AndroidBozor.uz’дан ҳам бепул кўчириб олиш имкони бор.

Мазкур браузернинг биттагина салбий томони бор – уям бўлса, функциялари жуда кўплиги сабабли, UC Browser интерфейси ҳаддан ташқари қалашиб кетгандек кўринади.

Функциялари:

  • Мутолаа режими
  • Тунги режим
  • Турли муқовалар
  • Синхронлаштириш
  • Рекламани блоклаш
  • Махфий режим

Puffin Web Browser

Android учун чиқарилган Puffin браузерининг асосий ютуқлари – тежамкорлик ва Adobe Flash. Унда мутолаа режими ёки рекламани блоклаш функцияси йўқ. Аммо трафикдан ташвиш тортмасдан, бемалол Puffin орқали интернет кенгликларида кезишингиз мумкин. Зеро, унинг трафик сиқувчи патентланган (!) технологияси чиндан ҳам зўр ишлайди.

Шунингдек, «булутли» технологиялар туфайли Flash билан ишлай олиши сабабли ҳам, Puffin’ни, асосий бўлмаса-да, ёрдамчи браузер қилиб тайинлаш мумкин.

Функциялари:

  • Adobe Flash
  • «Ақлли» кўрсаткич
  • Турли муқовалар
  • Wi-Fi уланишни ҳимоялаш
  • Махфий режим
  • Трафикни сиқиш

Firefox

Android-браузерларнинг қуролланиш пойгасида нисбатан янги бўлса-да, Firefox бозор етакчилари орасида фахрли ўринга эга. Унинг муҳим хусусиятларидан бири – турли кенгайтмаларни қўллаб-қувватлашидир. Фойдаланувчи ўз заруратларидан келиб чиқиб, етишмаётган опцияларнинг кўпчилигини ўзи мустақил ўрнатиши мумкин.

Бундан ташқари, Firefox интерфейси «тўлиб кетган» эмас, мутолаа режимига эга, яна веб-саҳифаларни сақлаб қўя олади. Шунингдек, рекламани блокловчи, юкламалар менежери ва бошқа кўплаб функциялар хизматингизга ҳозир!

Уни Google Play маркетидан ёки TAS-IX ҳудудидаги миллий дўкондан бепул кўчириб олиш имкони мавжуд.

Функциялари:

  • Мутолаа режими
  • Рекламани блоклаш
  • Юкламалар менежери
  • Кенгайтмалар
  • Махфий режим

Яндекс браузер

Андроид учун россиялик ишлаб чиқувчилар тақдим этган ажойиб ва уйғунлашган браузер. «Яндекс» мутахассислари ёқимли минималистик дизайн ва кўплаб опциялар тўпламини бу иловада уйғунлаштиришган: кенгайтмаларни қўллаб-қувватлаш, трафикни сиқиш, мутолаа режими, рекламани блоклаш ва мавзуларни танлаш.

«Ақлли қатор» сайтларни номи бўйича оча олади, шунингдек, у сўзларни ўгириши, валюталар курсини чиқариб бериши билан ҳам аҳамиятли. Яна бир афзаллиги – фойдаланувчи ўз стол компьютеридаги Яндекс-браузер версиясининг хатчўп (закладка)ларини Андроид-иловадагилари билан бемалол синхронлаштира олади.

«Яндекс»нинг бу иловасини Google Play маркетидан ёки АндроидБозор миллий дўконидан бепул кўчириб ўрнатишингиз мумкин.

Функциялари:

  • Мутолаа режими
  • Рекламани блоклаш
  • Муқовалар
  • Кенгайтмалар
  • Махфий режим
  • Трафикни сиқиш

Google Chrome

Мазкур рўйхатимизда Google Chrome, Android-браузер сифатида бирор хусусияти билан яққол устунлик қилмайди. Компьютер версиясидан фарқли равишда, мобиль Google Chrome фақат стандарт опциялар тўпламини тақдим этади.

Бироқ ишлаш тезлиги ва фойдаланишнинг соддалиги нуқтаи назаридан барибир у Google Play’даги энг яхши браузерлар қаторидан ўрин олган. Яқиндан бери у трафикни сиқишни ҳам ўрганиб олган, ишлаб чиқувчилар тез орада браузерга мутолаа режимини ҳам қўшишни ваъда қилишмоқда.

Аммо қўшимча кенгайтмаларни ўрнатиш имкони бўлмас экан, барибир Google Chrome рақобатчиларига тенг келиши қийин.

Функциялари:

  • Махфий режим
  • Трафикни сиқиш
  • Овозли қидирув
  • Синхронлаштириш

Хўш, сиз ўзингиз қайси браузерни маъқул кўрасиз?