Android учун сентябрдаги энг яхши иловалар

Android учун сентябрдаги энг яхши иловалар

Смартфон ва планшетлар учун турли иловалар ҳамиша чиқиб, янгиланиб туради. Қуйида Android платформасидаги қурилмаларга мослаб ишланган ва ўтган ойда трендда бўлган айрим дастурларнинг рўйхати ҳамда қисқача тавсифини келтирамиз.

1. Mixer Create

Бу – Mixer сервисининг мобил талқини бўлган иловадир. Унинг ёрдамида iOS ёки Android’да ишловчи смартфонлардаги ўйинларни стрим қилиш мумкин. Фақат Apple қурилмаларида мазкур илованинг ишлашида чеклов мавжуд: ўйин ReplayKit технологиясини қўллаб-қувватлаши лозим. Mixer Create’нинг ички чати ҳам мавжуд бўлиб, унда томошабинлар билан мулоқот қилса бўлади.

Мазкур иловани мана бу манзилдан юклаб олишингиз мумкин.

2. FeedlyReader

FeedlyReader иловаси RSS-тасмаларни ўқишга мўлжалланган энг яхши сервислардан бири – Feedly’даги сизнинг RSS-обуналарингизни синхронлашга хизмат қилади. Дастур мақолаларни тўлиғича кўрсатади, уларни браузерда очишга эҳтиёж қолмайди. Керакли материалларни кейинчалик ўқиш учун мўлжалланган (Pocket ёки Instapaper каби) бирор сервисда сақлаб қўйиш имкони ҳам бор.

FeedlyReader’ни ушбу илова орқали қурилмангизга ўрнатиб оласиз.

3. Xiaomi «Калькулятор»и

«Хитойча Apple»нинг MIUI операцион тизимида тақдим этилган бепул калькулятор аллақачон Google Play дўконига ҳам чиқарилган. Android 4.1 ва ундан кейинги тизим талқинларида ишлайдиган мазкур илова ташқи кўриниши яхшилиги ва имкониятлари кенглиги билан ажралиб туради. Xiaomi «Калькулятор»ида турли катталикларни – валюталар, ҳарорат ва узунлик кўрсаткичларини ўзаро конвертация қилиш мумкин. Бундан ташқари, унга ҳатто ипотека бўйича тўловларни ҳисоблаш ва логарифмларни ечиш каби функциялар ҳам киритилган.

Мазкур «Калькулятор»ни мана бу ҳавола ёрдамида кўчириб олиш мумкин.

4. VR Girlfriend

VR Girlfriend иловаси – сюжетли ўйин бўлиб, учрашувлар симуляторидир. У бир вақтнинг ўзида содда ва чиройли ҳамдир. Ўйинда сиз Paradise Island номли жаннатмонанд оролга борган фотограф ролидасиз ва у ерда гўзал бир қизни учратиб қоласиз... Хуллас, ҳаммаси шундан бошланади.

Мазкур ўйинни мана бу ҳавола орқали смартфонингизга ўрнатиб олсангиз бўлади.

5. Pacifica

Pacifica иловаси ўз кайфиятингизни ўзингиз бошқаришингизга, қийинчиликларни енгиб ўтишингизга ёрдам беради. У биратўла бир неча жиҳозни ўз ичига олади, улар орасида депрессияни, тушкунликни ва бошқа касалликларни даволашда қўлланувчи когнитив-хулқ терапияси методикаси ҳам бор.

Google Play дўконидан бу дастурни ушбу ҳавола орқали ўрнатасиз.

6. HD МКС Live

Фазовий манзараларга қизиқувчилар учун ажойиб топилма – HD МКС Live дастуридир. У ўз смартфонингиз ё планшетингиздан Халқаро космик станция камераларига уланиш имконини тақдим этади. Сиз реал вақт режимида ХКС камералари орқали Ер сайёрасини кузатишингиз, станциянинг парвозини кўришингиз мумкин. Ушбу иловада иккита канал бор. Биринчиси ХКСнинг ташқи видеокамералари орқали тасвирларни HD-видео сифатида, мусиқа жўрлигида узатиб боради. Иккинчи канал эса станциянинг турли жойларида, жумладан, ичида ҳам ўрнатилган кўплаб камераларнинг биридан олинаётган тасвирларни 480p сифатида узатади.

Иловани мана бу ҳавола ёрдамида олиб ўрнатишингиз мумкин.

7. Shortcutter Quick Settings

Ушбу дастур смартфоннинг тезкор созламалари панелини керакли плиткалар ҳамда иловаларнинг ёрлиқлари билан тўлдиришга имкон беради. Shortcutter Quick Settings мазкур панелга кўплаб турли тизим функцияларини, переключателлар, ёрлиқлар ва ҳаволаларни қўша олади.

Бу иловани Google Play’дан ушбу ҳавола орқали кўчириб оласиз.

8. MAPS.ME

Интернет уланишини талаб этмайдиган MAPS.ME – картографик иловадир. Унинг охирги янгиланишида махсус алгоритм жорий этилган, у хариталардаги фақатгина ўзгаришлар бўлган участкаларни кўчириб олишга имкон беради. Бу эса айрим ҳолларда юкланадиган маълумотларнинг ҳажми ҳатто ўн мартагача қисқаришига олиб келмоқда. Шунингдек, унда харитадаги йўналишларга учтагача оралиқ нуқталарни қўшиш имконияти ҳам пайдо бўлган ва уларни ўзаро ўрин алмаштириш ҳам осон.

MAPS.ME харита-иловасини юклаб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтасиз.

9. XOutOf10

Номи ғалатироқ бўлган XOutOf10 иловаси – Android бошқаруви остидаги исталган смартфоннинг экранида янги iPhone X экранидаги каби датчиклар панелини ҳосил қила олади. (Аввалроқ шунга ўхшаш бошқа бир «айфонлаштирувчи» илова – Smartphone upgrader 2017 ҳақида ҳам маълумот бергандик).

XOutOf10 дастурини мана бу ҳавола орқали ўтиб, кўчириб олишингиз мумкин.

BeatBox

BeatBox аудиоплеери, биринчи навбатда, ташқи кўриниши билан кишини ўзига ром этади. Дизайнерлар интерфейс устида жиддий ишлашган, тағин уни анчагина содда ва тоза сақлашга ҳам эришишган. Дастурнинг мусиқа ижро этиши ҳам юқори даражада, бунга эса етти полосали эквалайзер ҳамда паст частоталарни кучайтирувчи жиҳоз ёрдамида эришилган.

Аудиоплеерни ўрнатиб олиш учун ушбу ҳавола ёрдамида Google Play’га ўтишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.