Android ўзлаштирса арзийдиган iPhone 7’даги жиҳатлар

  •   DiMaX
  •  1498
  •  14.03.2017 12:38

Android ўзлаштирса арзийдиган iPhone 7’даги жиҳатлар

Бизга ёқадими-йўқми, барибир iOS ва Android бир-бирисиз яшай олмайди. Ўртадаги рақобат ва устунлик учун кураш сабабли ҳам бу икки платформа янги ғоялар ва ностандарт ечимлар билан бойиб келмоқда. Шу боис, дейлик, навбатдаги iPhone’нинг чиқарилиши нафақат Apple ишқибозлари, балки «яшил роботчали» қурилмалар ихлосмандлари учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Танқидчиларнинг таъкидлашларича, янги iPhone 7 моделига киритилган кўплаб «янгилик»лар Android платформасида ишловчи айрим қурилмаларда бунгача ҳам мавжуд бўлган. Бу тўғри, аммо улар Apple қўлига ўтгач, тажрибавий ишланма доирасидан чиқиб, янги стандарт даражасига етди.

Шу билан бирга, iPhone’да энди Android-қурилмалар ҳам ўзлаштирса зарар қилмайдиган янгиликлар бор…

Қулоқчин улаш тирқишининг йўқлиги

Олдин оммалашган технология ва қисмларни ўз гаджетларидан олиб ташлаш бўйича Apple бой тажрибага эга. Эгилувчан дисклар, дисководлар, Ethernet-портлар ва бошқаларни эслашнинг ўзи кифоя. Бу каби ҳолларда рақобатчилар ва фойдаланувчилар аввалига ҳайратланишади, сўнг эътироз билдиришади, кейин эса аксарияти Apple’га эргашишади.

Қулоқчинлар учун тирқишнинг йўқлиги масаласида ҳам худди шундай бўляпти ҳозир. Ҳа, аввалига алам қилади, ноқулай туюлади, кейин эса ҳамма бунга кўникади. Ахир, янги даврга ўтиш ҳамиша ҳам муайян қийинчиликлар билан кечади-ку! Симсиз қулоқчинларга ўтиб олингач эса, USB Type-C орқали узатиладиган овоз сифатидан ҳамда симларнинг чалкашиб юрмаслигидан қувонамиз ҳали.

Сув ва чангдан ҳимоя

Деярли ҳар биримиз смартфонимизга сув тегишидан, тирқишларига чанг ўрнашиб қолишидан азият чекканмиз. Қизиқ, яқин-яқинларгача сувдан ҳимоя хусусияти мобил қурилмаларнинг асосий параметрлари қаторига киритилмаган-а?

Сувга чидамли iPhone пайдо бўлганлиги смартфон ишлаб чиқарувчиларнинг мазкур масалага жиддий қарашлари учун етарлича туртки бўлса ажабмас. Нафақат Samsung ва Sony’нинг илғор флагманларини, балки ўрта нарх сегментидаги смартфонларни ҳам сувдан ҳимояланган ҳолда ишлаб чиқариш вақти келган. Нима дедингиз?

Ички хотира ҳажмининг катталиги

Ниҳоят, Apple доимий хотираси 16 гигабайт бўлган смартфонларни ишлаб чиқаришни тўхтатди: iPhone 7 чиқиши билан энди унинг девайсларида энг кам ички хотира ҳажми 32 ГБга тенг бўлди. Бу эса, ишлаб чиқарувчилар энди мана шу даражага қараб интилишади ва доимий хотираси 16 ёки 8 гигабайтлик мобил қурилмалар тарихда қолиб кетади, деганидир.

Камера

Қўш камера ғояси кўпчилик учун антиқа туюлиши мумкин.  Аммо аслида, суратга олишда турли хусусиятларга эга бўлган иккита камерадан фойдаланиш тасвир сифатига фақатгина ижобий таъсир кўрсатади.

Шубҳасиз, Android-гаджетлар ишлаб чиқарувчилари ҳам мобил фотографиянинг янги босқичдаги сифатига ўтишга ҳаракат қилишади. Яқин орада икки ёки ҳатто учта объективли девайслар Apple’нинг янги қурилмасини майдонга чорлаб қолса ажабмас.

Стерео овоз

Тўлақонли сифатли овоз чиқарувчи смартфон кўрганмисиз? Очиғини айтиш керак – мобил қурилмалар бу даражага етиб келганича йўқ ҳали. Чунки ихчам гаджетга яхши акустика жиҳозларини ўрнатиш ўта қийин. Аммо бу ҳол, барибир овозни яхшилашнинг имкони йўқ, дея мазкур жиҳатни эътиборсиз қолдиришга сабаб бўла олмайди.

Бироқ iPhone 7 моделида товуш янгратиш хусусиятлари ҳам анчагина яхшиланган. Бу эса энди қолган ишлаб чиқарувчиларни ҳам шу даражага интилишга ундайди.

Механик Home тугмачаси йўқлиги

Қизиқ инновациялардан бири! Умуман олганда, ўтган асрдан қолган механик тугмалардан аста-секин воз кечиб, уларнинг ўрнига ишончлироқ, қулайроқ ва кўп функцияли сенсор тугмачаларга ўтиш вақти келмадимикан?

Хулоса

Android-смартфонлар бозори ҳозир қизиқ даврни бошидан кечирмоқда. Йирик компаниялар янгича инновациялар билан шуғулланишни деярли тўхтатишган, улар аллақачон синовдан ўтиб бўлган технологияни турли корпуслар остига жойлаб, ҳар хил дизайн ва рангларда чиқариш йўлини афзал кўришаётир.

Хўш, iPhone 7 ёки энди тақдим этилиши кутилаётган iPhone 8 бу турғунликка барҳам беришга, Android-девайслар ишлаб чиқарувчиларини бир қўзғатиб қўйишга қодирми?

Буни энди вақт кўрсатади; агар сиз ҳам қизиқсангиз – сайтимиздан узоқлашманг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!