Антивирусларнинг вазифасига кўра турлари

Антивирусларнинг вазифасига кўра турлари

Ҳозирги вақтда вирусларни йўқотиш учун кўпгина усуллар ишлаб чиқилган ва бу усуллар билан ишлайдиган дастурларни антивируслар деб аташади. Антивирусларни, қўлланиш усулига кўра, қуйидагиларга ажратишимиз мумкин: детекторлар, фаглар, вакциналар, прививкалар, ревизорлар.

Детекторлар — вируснинг сигнатураси (вирусга тaаллуқли байтлар кетма-кетлиги) бўйича тезкор хотира ва файлларни кўриш натижасида маълум вирусларни топади ва хабар беради. Янги вирусларни аниқлаб олмаслиги детекторларнинг камчилиги ҳисобланади.

Фаглар — ёки докторлар, детекторларга хос бўлган ишни бажарган ҳолда зарарланган файлдан вирусларни чиқариб ташлайди ва файлни олдинги ҳолатига қайтаради(Kaspersky Antivirus, Norton AntiVirus, Doctor Web, Panda).

Вакциналар — юқоридагилардан фарқли равишда ҳимояланаётган дастурга урнатилади. Натижада дастур зарарланган деб ҳисобланиб, вирус томонидан ўзгартирилмайди. Фақатгина маълум вирусларга нисбатан вақтинча қилиниши унинг камчилиги ҳисобланади. Шу боис ҳам, ушбу антивирус дастурлари кенг тарқалмаган(Anti Trojan Elite, Trojan Remover, Dr.Web CureIt).

Прививка — файлларда худди вирус зарарлагандек из қолдиради. Бунинг натижасида вируслар «прививка қилинган» файлга ёпишмайди. Вируслар зарарлаган файлларга белги қўяди ва кейинги сафар бу файлни зарарламайди, прививка антивируслари эса олдиндан зарарланган деган белги қўйиб қўяди ва шу орқали файлни зарарлашдан сақлайди.

Филтрлар — қўриқловчи дастурлар кўринишида бўлиб, резидент ҳолатда ишлаб туради ва вирусларга хос жараёнлар бажарилганда, бу ҳақда фойдаланувчига хабар беради(Outpost Security Suite, Agnitum Outpost Firewall). Филтр дастурлар компютер ишлаш жараёнида вирусларга хос бўлган шубҳали ҳаракатларни топиш учун ишлатилади.

Бу ҳаракатлар қуйидагича бўлиши мумкин:

• файллар атрибутларининг ўзгариши;

• дискларга доимий манзилларда маълумотларни ёзиш;

• дискнинг ишга юкловчи секторларига маълумотларни ёзиб юбориш.

Ревизорлар(CRC-skaner, Monitor) — энг ишончли ҳимояловчи восита бўлиб, дискнинг биринчи ҳолатини хотирасида сақлаб, ундаги кейинги ўзгаришларни доимий равишда назорат қилиб боради(Kaspersky Monitor).

Янги вирусларнинг тўхтовсиз пайдо бўлиб туришини ҳисобга олиб, антивирус базаларини доимий равишда янгилаб туриш лозим, ундан ташқари антивирус дастурларини янги версияларини чиқишини ҳам кузатиб бориш керак ва компютер(процессор, оператив хотира, операцион тизим)га мос келадиганларини аниқлаб дастурни янгилаб бориш шарт.

Манба: ITportal.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!