App Store’дан Telegram X йўқолиб қолди. Аммо уни қайтариш йўли бор!

  •   DiMaX
  •  964
  •  27.04.2018 09:16

App Store’дан Telegram X йўқолиб қолди. Аммо уни қайтариш йўли бор!

Telegram X муқобил клиенти шу кунларда iOS-қурилмалар учун иловалар каталоги – App Store’дан йўқолиб қолган. Бу ҳолат Роскомнадзор ва Telegram компанияси орасидаги можаролар туфайли бўлиши мумкин, лекин илова Россиядан ташқари бир неча мамлакатларда ҳам йўқолган.

Сайтимиз мухлислари орасида Россиядан ва бошқа мамлакатлардан кирувчилар мавжудлигини ҳисобга олиб, бу мессенжерни қайта ўрнатиш усулини маълум қилмоқчимиз.

ЎҚИНГ: Россияда Telegram блокланишининг асл сабаби ошкор бўлди

Агарда сиз ўз iPhone ёки iPad’ингизда аввал Telegram X мессенжерини ишлатган, кейин ўчирган бўлсангиз ва энди уни қайта ўрнатишни истаб қолсангиз, буни қуйидагича амалга оширишингиз мумкин.

  • Смартфон ёки планшетингизда App Store’ни очинг ва «Янгиланишлар» – «Обновления» бандини танланг;
  • Юқори ўнг бурчакдаги аккаунтингиз белгисини босинг;
  • «Харидлар», яъни «Покупки»дан Telegram X’ни топинг;
  • Уни ўрнатиб олинг.

Мана шу оддийгина тўрт қадамлик ҳаракат билан Telegram X’ни ўз iPhone ёки iPad’ингизга қайтара оласиз. Лекин бу билан ҳали ҳаммаси жойида, дегани эмас. Мазкур мессенжер қўллайдиган IP-манзилларни Роскомнадзор блоклайди, шу боис илова ўз аккаунтингизга кириш учун керак бўладиган кодни юбориш буйруғини қабул қила олмайди. Бу муаммони ечиш учун эса Telegram’ни ишга туширишдан аввал исталган бир VPN-иловани ўрнатиб оласиз ва у орқали Россиядан бошқа бирор мамлакат орқали уланишни амалга оширасиз. Telegram’дан кодни олгач эса VPN-иловани ёпаверасиз, буёғига мессенжер ўзи ишлай олади.

Лекин, ҳар эҳтимолга қарши, унинг созламаларига бирор прокси-сервер маълумотларини киритиб қўйганингиз маъқул. Буни амалга ошириш усули эса қуйидаги мақоламизда кўрсатилган.

ЎҚИНГ: Telegram блокланса ҳам iOS ёки Android-смартфондан унга кириш йўли бор!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!