Apple 20 йил аввал рақиблари устидан қандай кулганди? (3 та видео)

Apple 20 йил аввал рақиблари устидан қандай кулганди? (3 та видео)

Технологик компаниялар рақобатнинг турли йўлларидан фойдаланишади, баъзида ҳатто бир-бирининг маҳсулотлари, шунингдек фойдаланувчиларининг устидан кулувчи рекламалар тайёрлашади. Смартфонсозликда эса Android-қурилмалар ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси учун асосий умумий рақиб – Apple ҳисобланади. Шу боис ҳам кўп ҳолларда улар кўпинча купертинолик гигант ва унинг iPhone’лари устидан кулиб келишади.

ЎҚИНГ: OnePlus Apple устидан кулди

Жорий йилнинг 16 октябрида бўлиб ўтган Mate 10 тақдимоти арафасида Huawei компанияси ўзининг Facebook-саҳифасида антиқа видеоролик чиқарган эди. Унда Apple’нинг янги iPhone X флагмани тақдимотида Face ID функцияси айни намойиш жараёнида панд бериб қўйгани масхара қилинган.

ЎҚИНГ: Apple’нинг устидан кулиб, Huawei «ҳақиқий сунъий идрок»ни кўрсатишга ваъда берди (+видео)

Шунингдек, яқинда Samsung ҳам рақибининг янги iPhone X қурилмаси ҳамда унинг фойдаланувчиларини майна қилувчи навбатдаги видеолавҳасини тайёрлаб тарқатди. Унинг ролигида айфонларга содиқ оддий инсон турли чекловларга дуч келиши ва ниҳоят Galaxy’га ўтиши тасвирланган.

ЎҚИНГ: Samsung ҳам iPhone фойдаланувчиларини масхара қилди

Apple эса, одатда бундай қитмирона «ҳужум»ларга парво қилмайди. Купертинолик гигант бирор ишлаб чиқарувчининг эмас, балки Android мобил операцион тизимининг устидан кулгани ҳақида ёзганмиз.

ЎҚИНГ: iPhone рекламасида Apple Android тизимини масхаралади [қисқа видео]

Бироқ купертинолик гигант рақобатчиларига нисбатан ҳамиша ҳам бунақа беписандлик билан қараган эмас. Кўпчиликнинг хабари йўқдир балки, аммо Apple ҳам бир замонлар рақобатнинг шунақа усулларидан фойдаланган ва рақибларининг устидан ошкора кулган.

Apple собиқ ходими Дейв Гарр ўзининг YouTube-каналида купертинолик техногигант ўз рақобатчиларининг «қитиқ патига тегувчи» пародия тарзидаги видеороликларни эълон қилди. Мазкур учта лавҳа ҳам ўтган асрнинг 90-йилларида, ҳали Стив Жобс қайтиб келиб Apple Computer бош директори курсисига ўтирмасидан аввалроқ суратга олинган.

Ҳар бир пародия ўша даврдаги машҳур бўлган, ҳозирда тарихга айланиб улгурган бирор воқеага ишора қилади. Жумладан, биринчи видеолавҳа Apple ҳамкорларига ўз компьютерларининг клонларини ишлаб чиқаришга рухсат берган даврларни эслатади. Мана, ўзингиз томоша қилинг:

Иккинчи роликда эса купертинолик гигантнинг операцион тизим бўйича асосий рақибларидан бири ишлаб чиққан Windows 95 интерфейсининг чалкашлиги масхара қилинган:

Лицензиялаштириш масалалари бўйича можароларга қизиқувчиларга эса Apple’нинг қуйидаги видеолавҳасини кўриш тавсия этилади:

Айтиш керакки, ҳозирда купертинолик гигант ўзига қаратилган масхараомуз видеолавҳаларга жавоб беришни ўзига эп кўрмайди, истеҳзо билан қараб қўйиб, ўз йўлида давом этаверади. Зеро, кўпгина инновациялари сабабли уни танқид қилганларнинг ўзлари тарих қатларида қолиб кетишган, Apple эса ёруғ келажак сари интилишда ва барчани илҳомлантиришда давом этаверади.

ЎҚИНГ: Илк iPhone'ни рақиблар қандай майна қилгани ва йўқликка равона бўлишгани ҳақида

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.