Apple «ақлли» колонка – HomePod’ни тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1532
  •  06.06.2017 10:22

Apple «ақлли» колонка – HomePod’ни тақдим этди

Apple компанияси WWDC 2017 конференциясида ўзининг илк уй «ақлли» колонкаси – HomePod’ни намойиш қилди. У Siri ассистентини қўллаб-қувватлайди, деб хабар беради Hi-Tech Mail.Ru.

HomePod ичида еттита кичкина колонка ва битта сабвуфер мавжуд. Товушни қайта ишлаш ва бошқа қурилмалар билан ўзаро алоқа учун Apple’нинг нисбатан эски чипи – A8 масъул. Колонка тизими хонанинг виртуал моделини аниқлаштиради ва овозни хонанинг акустик хусусиятларига мослаб узатади.

Қурилма Siri ёрдамчисини қўллаб-қувватлайди, у билан мулоқотни таъминлаш учун HomePod’га 6 та микрофон ўрнатилган. Ассистент фойдаланувчининг саволларига жавоб қайтаради, янгиликларни ўқиб беради, буйруқларни бажаради ва мусиқани бошқаради. Ҳуммаси худди iPhone’дагидек, унга фақатгина «Hey, Siri» («Салом, Сири») дейиш кифоя.

HomePod колонкаси икки хил – оқ ва қора рангларда ишлаб чиқарилади. Унинг нархи 349 АҚШ долларини ташкил этади. Қурилма савдога жорий йилнинг декабрь ойида чиқарилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур гаджет ҳақидаги хабарлар яқинда – ҳали тақдимотдан аввалроқ тарқала бошлаган эди. Дастлаб мазкур «ақлли» акустика тизимининг номи Siri Speaker бўлиши тахмин қилинган. Foxconn заводида ишловчи инсайдер тақдим этган маълумотда эса унинг A9 процессорига эга, ўлчами тахминан Mac Pro каби бўлиши айтилганди. Бироқ амалда ундан фарқ қилувчи HomePod тақдим этилди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!