Apple арзон iPhone X чиқармоқчи

Apple арзон iPhone X чиқармоқчи

Хитойда етакчи смартфон брендлари – Huawei, Oppo, Vivo ҳамда Xiaomi ҳисобланади. Apple эса у ерда атиги бешинчи ўринни эгаллай олган, аммо бу кўрсаткичдан қониқмаяпти. Шу боис ҳам купертинолик гигант «Осмон ости салтанати»да ўз мавқейини ошириш мақсадида iPhone X фукцияларига эга бўлган янги қурилмаларини ишлаб чиқармоқчи, деб ёзади GizmoChina нашри.

Арзон iPhone ҳам қиммат туради

Маълумотларга қараганда, iPhone SE моделининг ромсиз варианти бўладиган бу смартфонлар кейинги йилиёқ сотувга чиқарилади. Apple’нинг етказиб берувчилари тизимидаги бир манба унинг иккита янги моделдаги смартфони тайёрланаётганини айтган.

Япониянинг Macotakara техник блогининг тахминича, купертиноликнинг арзонлаштирилган ромсиз айфони ҳам iPhone X’дан атиги 90 долларга арзон, яъни 909 АҚШ доллари нархида бўлади. Ҳозир iPhone 8 қурилмаси ҳам тахминан шу нарх атрофида таклиф этилмоқда.

Нималари бўлади?

Кейинги кунларда «сизиб чиққан» хабарларга кўра, 2018 йили чиқариладиган барча iPhone’лар OLED-экран, TrueDepth камералар тизими ҳамда Face ID технологиясига эга бўлади.

Яқинда Хитойдаги битта нашрда эълон қилинган ҳисоботда ҳам «арзон» iPhone X хусусиятлари аниқ кўрсатилмаган. Бу борада энди инсайдерлар маълумотларини кутишимизга тўғри келади.

Хитойда рақобат кучли

Хитойда купертинолик гигант маҳаллий смартфонсозларнинг кучли рақобатига дуч келмоқда. Жорий йилнинг учинчи чорагида Apple бу мамлакатдаги бозорнинг 17,7 фоиз улушинигина эгаллай олди. Huawei эса 31 фоизлик улуш билан етакчилик қилаётир.

Аслида-ку, «Осмон ости салтанати» – дунёдаги энг йирик смартфон бозори, потенциал истеъмолчилар маконидир. Аммо доимий хотираси 64 гигабайтлик iPhone X учун 999 АҚШ доллари миқдорида белгиланган нарх харидор чақирмаслиги аниқ. Чунки хитойликлар кўп қункцияларга эга бўлгани ҳолда арзонга таклиф этилаётган смартфонларга кўникиб қолишган.

Айтиб ўтиш ўринлики, Хитойнинг талаб энг юқори 2 та смартфон модели ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.