Apple буклама планшет учун патент олди

Apple буклама планшет учун патент олди

2021 йилда кутилаётган букланувчи дисплейли гаджетлар қатори яна бир девайс билан бойийдиган бўлди. Apple АҚШ патент бюросидан буклама экранли iPhone учун патент олгач, худди шундай технологияга эга планшетни яратишни ҳам мақсад қилган кўринади.

Apple'нинг LG билан яқиндан ишлаётганини ҳисобга олсак, бу маълумотнинг тўғрилиги исботини топади. Патент аризасида кўрсатилишича, планшетни марказидан уни иккига буклаш мумкин бўлади. Натижада, экран смартфон шаклига келади.

Шунингдек, ҳужжатда кўрсатилишича, қурилмани очиқ ёки ёпиқ ҳолатда ҳам ишлатиш мумкин. У шаклидан гўё китобни эслатади. Гаджет дисплейи OLED-панеллардан тайёрланади. Шу билан бирга, баъзи экспертларнинг маълум қилишларича, қайрилма экранларни ишлаб чиқаришда микро-LED дисплейлардан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Apple ҳозирданоқ буклама технологияли дисплейлардан фойдаланмоқда. Мисол учун, iPhone X экрани кўринишдан текис бўлса ҳам, бу панелнинг ёнлари қайрилма дизайнда тайёрланган ва шу ҳолатда гаджет корпусининг қуйисига бориб туташган.

Янги патент эса Купертинода фаолият олиб борувчи IT-гигантга мобил қурилмалар бозорини янада илғор гаджетлар билан бойитишга ёрдам беради. Биз 2021 йилдан мана шундай инновацион буклама девайсларнинг оммалашувига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Унгача Apple ҳам микро-LED панел технологиясини такомиллаштиришга улгуради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.