Apple'да "аср ўғирлиги" содир этилди

Apple'да

Ўтган ҳафтада интернет тармоғида iPhone ҳамда iPad девайсларининг операцион тизими ҳисобланган iOS тизимига тегишли кодлар тарқалиб кетган эди. Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат Apple тарихидаги энг йирик йўқотишлардан бири бўлиши мумкин. Боиси, компаниянинг интеллектуал мулки бўлган бу тизимнинг коди унга қарши вируслар тайёрлаш учун қурол бўлади. Компания маҳсулотларидан бир неча юз миллион нафар инсон фойдаланиши ҳисобга олинса, бу жиноятдан сайёрамиз миқёсида кўпчилик зарар кўради.

Маълумотларга кўра, бундан 3.5 йил аввал ёзилган iOS кодлари компанияда амалиёт ўтаётган стажёр томонидан интернетга чиқариб юборилган.

Motherboard нашрига кўра, номи ошкор қилинмаган стажёр кодларни ўғирлаган ва уларни ҳаккерлик билан шуғулланадиган 5 нафар дўстлари билан бўлишган. Бу "устаси фаранглар" эса Apple смартфонлари ва планшетлари тизимига бемалол кириб, файллар тизимига оид маълумот тўплайдиган дастурий таъминот ечими — жейлбрейклар ишлаб чиқаришга улгуришган.

Оммавий ахборот воситаларига кўра, айбдор компаниядан iOS тизимига оид маълумотлардан ташқари, компанияга тегишли турли дастурий таъминотга оид маълумотларни ҳам ўғирлаган.

Бу кодлар ўтган ҳафтадаёқ GitHub форумида эълон қилинган. Гарчи, Apple талабига кўра бу кодлар ўчириб ташланган бўлса ҳам, бу ҳолат таъсири энди юзага чиқиши мумкин.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Мавзу:

#Apple

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.