Apple ҳукуматга янги айфонлар муҳим функциядан маҳрум бўлганини айтди

Apple ҳукуматга янги айфонлар муҳим функциядан маҳрум бўлганини айтди

Apple АҚШ нинг Алоқа бўйича федерал комиссиясига очиқ мактуб йўллаб, iPhone смартфонларида бундан кейин FM-радио модули бўлмаслигини айтган. Маълум бўлишича, Алоқа бўйича федерал комиссияси Apple'дан айфонларда FM-радиоларни ишга туширишни сўраган.

Гап шундаки, сўнгги йилларда мамлакатда тез-тез кузатилаётган турли фавқулодда ҳамда табиат ҳодисалари вақтида аҳоли билан алоқа боғлашда, уларни вазиятдан хабардор қилишда смартфонлардаги радио модули ишончли алоқа воситасига айланган. Шу боис, Федерал комиссия барча ишлаб чиқарувчилардан бу функцияни ёқишни талаб қилган.

Apple эса ўз жавобида мухлислари хавфсизлиги компания учун ҳам муҳимлиги, бироқ сўнгги авлод айфонларида радиомодулни ёқишнинг имкони йўқлигини маълум қилган.

«Бунинг умуман имкони йўқ. iPhone 7 ва iPhone 8 моделларида радио сигналларини қабул қилувчи чип ва антенна йўқ», – дейди Apple'нинг маркетинг бўйича вице-президенти Фил Шиллер.

Apple, шунингдек комиссия эътиборини айфондаги «Ҳукумат огоҳлантируви» функциясига қаратган ва зарур вақтларда унинг ёрдамида аҳолини фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш учун радиоэфир ўрнини босиши мумкинлигини айтган.

FM-модулни iPhone 6s ва ундан олдинги моделларда ишга тушириш мумкин. Бироқ, ишбилармон "Олма" бундан манфаатдор эмас. Боиси, компания мусиқий ва кўнгилочар Apple Music, Beats 1 хизматлари ҳамда Apple Watch Series 3'га мўлжалланган «Радио» иловасидан катта даромад кўради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.