Apple Intel’нинг кучли чипига эга MacBook’ларни тақдим қилди

Apple Intel’нинг кучли чипига эга MacBook’ларни тақдим қилди

5 июнда старт олган Apple’нинг анъанавий WWDC 2017 халқаро дастурчилар анжуманида MacBook ноутбуклар туркумининг 3 та янгиланган моделлари намойиш қилинди. Улар энди янада самарали ва Intel’нинг сўнгги авлод чиплари билан таъминланди.

2016 йилнинг MacBook Pro лаптопи Intel’нинг илғор Kaby Lake туркумига кирувчи флагман процессорига эга бўлди. Шу билан бирга, 12 дюймли MacBook модели ҳам Intel чипига ва янада тезкор доимий хотира билан таъминланди. Apple тақдимотда 13 дюймли MacBook Pro’ни янги, яъни Touch Bar сенсор панелисиз талқинини намойиш қилди.

Шу билан бирга, 12 дюймли MacBook ва MacBook Pro’га 50%га тезкор ишлайдиган доимий хотира ўрнатилди. MacBook Pro’нинг 15 дюймли модели энди кучли процессор ва тезкор хотирага эга видеокарта билан таъминланган. MacBook’нинг қолган жиҳатлари, жумладан дизайн, экран ва портлари ўзгаришсиз қолган.

MacBook’даги Core i7 процессори 1,3-ГГц, 13 дюймли MacBook Pro’даги Core i7 3,5-ГГц, 15 дюймли MacBook Pro’даги Core i7 3,1-ГГц частота тезлигига эга.

Ниҳоят, узоқ кутилган фурсат келди ва MacBook Air ҳам тўлиқ бўлмаса-да, янгиланишга муваффақ бўлди. Ноутбук янада тезкор, аниқроғи частота тезлиги 1,8 ГГц бўлган Intel процессори (модели маълум қилинмади) билан таъминланди.

Бу — ягона ўзгариш. Дизайн, экран (1440х900 пикселли) — ўша-ўша! Ҳатто, USB-C туридаги замонавий порт ҳам қўшилмаган. Компания MacBook Air ноутбукидан воз кечишдан кўра, уни бошланғич даражали лаптоп сифатида бозорда ушлаб туришни маъқул кўрган. Apple асосий эътиборни MacBook ва MacBook Pro моделларига қаратмоқда.

Янгиланишлардан кўриниб турибдики, Apple ноутбук бозоридаги рақобатда ўз ўрнини мустаҳкамлаш ҳаракатида.

Ҳар учала Apple MacBook ноутбуклари 7 июндан бошлаб сотилади. 12 дюймли MacBook $1299, 13 дюймли MacBook Pro (тачбарсиз) $1299, 13 дюймли MacBook Pro (тачбар (клавиатуранинг юқори қисмидаги сенсор панел) билан) $1299, 15 дюймли MacBook Pro (тачбарли) $2399 доллардан бозорга чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!