Apple iPhone қувватини узайтириш йўлини топди

Apple iPhone қувватини узайтириш йўлини топди

Apple шу кунларда қурилмаларидаги батареяларни бошқарадиган махсус процессор устида бош қотирмоқда. Шунингдек, компания “Олма” гаджетларидаги қувватни тўғри тақсимлайдиган ва узоғроққа етишини таъминлайдиган дастурий таъминот устида ҳам иш олиб бормоқда.

Apple яқинда «Батареянинг хизмат қилиш муддатини узайтириш» («Adaptive battery life extension») ёки ABLE деб номланган патентни рўйхатдан ўтказди. Унга кўра, iPhone, iPad ҳамда MacBook девайсларида улардаги қувватларни бошқарувчи ақлли тизим жорий қилинади.

Айни пайтда iOS тизимида iPhone ёки iPad қуввати тугаш арафасида ёқиш мумкин бўлган махсус режим мавжуд, бироқ ABLE технологияси автоматик ишлайдиган бўлади. Яъни, бу тизим фойдаланувчининг гаджетдан фойдаланишини, қувватнинг сарфланиш тарихини таҳлил қилиб, шу асосда қувватни камайтирадиган функцияларга автоматик равишда таъқиқ қўйилади ва унинг узайтирилишига хизмат қилади.

ABLE тизими девайс фойдаланувчисининг ишда эканини ёки фильм томоша қилаётганини мустақил аниқлаб, батареянинг қувват сарфлашини мувофиқлаштиради. Шу тахлит бу технология қисқа фурсатда мобил қурилманинг эгасининг гаджетдан фойдаланиш бўйича одатларини ўрганади. Шунингдек, ABLE тизими гаджетнинг розеткага ёки қувватлаш қурилмасига уланиш сифатини ҳам баҳолаб, эгасига хабар беради.

Apple ҳужжатда қайд этишича, технология қурилманинг қизиб кетиши, аккумуляторнинг ёниши билан боғлиқ нохуш ҳолатларни бартараф қилади. Патент 2015 йилнинг ноябрида, Samsung Galaxy Note 7’нинг ҳамда смартфонларнинг аккумуляторлари билан кузатилган оммавий ёниб кетишлардан анча олдин олинган.