Apple: "iPhone X — бу ҳали бошланиши!"

Apple:

Apple бош дизайнери Жони Айв Япониянинг Brutus Casa нашрига маълум қилишича, iPhone X компания смартфонларига хос дизайннинг янги даврини бошлаб берди.

«Илгарилари экран ва корпусга алоҳида таркибий қисмлар деб қаралган бўлса, бугун дизайндаги бу қараш батамом ўзгарди. Биз энди бу иккаласини бирлаштириш, уйғунлаштириш ҳақида бош қотирмоқдамиз. iPhone X дизайнини яратиш учун бизга бир неча йил керак бўлди ва биз олдимизда турган мақсадни уддалай олдик. Бизда ҳали ғоялар кўп ва биз уларни амалга оширишга киришганмиз. iPhone X — бу ҳали бошланиши, янги даврнинг муқаддимаси», дейди бош дизайнер.

Шунингдек, дизайнернинг фикрича, катта меҳнат сарф қилинган Face ID технологияси фойдаланувчининг қиёфасини юқори аниқликда таний олиши билан ҳам ўзига хос.

Қолаверса, Жони Айв iPhone X флагманининг ромсиз дизайни iPhone брендининг 10 йиллик юбилейига алоқадор эмаслигини ҳам қайд этган. Унинг маълум қилишича, бу қурилмани яратишга жамоага 5 йил вақт керак бўлган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!