Apple кейинги авлод iPhone’ларидаги асосий муаммодан қутуляпти (+видео)

Apple кейинги авлод iPhone’ларидаги асосий муаммодан қутуляпти (+видео)

Гарчи дунёдаги энг йирик ва бой компаниялардан бири бўлса-да, аслида Apple унчалик кучли эмас. Унинг ожизлиги шундаки, ўз гаджетлари учун бутловчи қисмларни турли етказиб берувчиларидан харид қилади ва йирик миқдорда маблағ ажратади.

Аммо айрим ҳолларда купертинолик гигант шу қисмни етказиб берувчи компаниянинг ўзини харид қилиб, ўз таркибига қўшиб олади. TechCrunch нашрининг хабарига кўра, Apple яқинда шу тариқа InVisage Technologies стартапини сотиб олган.

Мазкур стартап ҳар қанақа ёруғлик шароитида ҳам ўта аниқ тасвирлар олувчи, юқори технологияли камера сенсорларини ишлаб чиқишга ихтисослашган. InVisage Technologies айни дамда асосан QuantumFilm деб номланган датчиклар ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда. Таркибида кремний қўлланувчи бошқа камера сенсорларидан фарқли равишда, InVisage Technologies сенсорлар учун ўз материалини ишлаб чиққан – у анча юпқа ва технологик жиҳатдан илғор.

Мана, қуйидаги видеолавҳа айни шу ишланма ҳақида:

ЎҚИНГ: Камералар жанги: Samsung Galaxy Note8 ва iPhone 8 Plus

Биламизки, 2014 йилги iPhone 6 моделидан бошлаб, купертинолик ишлаб чиқарувчининг смартфонларида камера асосий корпусдан 1-2 миллиметр чиқиб туради. Бу эса фойдаланувчиларга бироз ноқулайликлар туғдириши мумкин, кўриниши жиҳатидан ҳам яхши эмас. Энди эса, InVisage Technologies ишлаб чиқарувчи ихчам фотомодуллар шарофати билан, Apple’нинг навбатдаги авлод смартфонларида камера корпусдан чиқиб турмайди. Шунингдек, янги стартап билан энди корпорация камерани тўлиғича ўзи ишлаб чиқаради ва бу бирмунча арзонга тушади.

ЎҚИНГ: Энг илғор флагманлар рингда: камералар жанги

Дарвоқе, InVisage Technologies’ни сотиб олиш бўйича келишувлар анча олдин амалга оширилган ва бу эндигина маълум қилинмоқда, холос. Шунингдек, шартнома қиймати ҳам айтилмаган. Мазкур компанияга тегишли 27 та патент ҳам энди Apple ихтиёрига ўтган.

ЎҚИНГ: Amazon ўзбекистонлик дастурчилар яратган стартапни харид қилди

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.