Apple март ойидаёқ iPhone SE (2018) моделини чиқармоқчи (+видео)

  •   DiMaX
  •  1796
  •  03.01.2018 12:46

Apple март ойидаёқ iPhone SE (2018) моделини чиқармоқчи (+видео)

Купертинолик техногигант 2016 йилнинг биринчи ярмида 4 дюймли iPhone SE смартфонини бозорга тақдим этганида, дастлаб кўпчилик уни илиқ кутиб олмаганди. Бироқ, орадан бир йил ўтар-ўтмас, бу айфон шу қадар оммалашдики, у кўплаб мамлакатлар бозорида энг харидоргир моделга айланди. 2017 йилда эса бу девайснинг каттароқ ҳажмли хотирага эга талқини тақдим этилди.

ЎҚИНГiPhone SE (2017): йилнинг энг муносиб ўртаҳол смартфони

Apple жорий йилда iPhone SE (2018) моделини тақдим этишни режалаштирмоқда ва бу тасдиқланган маълумотдир, деб ёзади TrendForce таҳлил компанияси. Мазкур модел ўзининг «аждод»ларидан янада бақувват техник таъминоти билан ажралиб туради, дейилади хабарда. Тўғри, у энг илғор қисмларга эга бўлмайди, зеро, iPhone SE – асосан ривожланаётган мамлакатлар бозорлари учун тақдим этилувчи, ҳамёнбоп айфонлар туркумидир.

Кузатувчилар фикрича, iPhone SE (2018) ўз техник таъминоти билан iPhone 7 моделига яқин келиб қолади. Яъни, унга 4 ядроли Apple A10 Fusion процессори ва 2 гигабайт ҳажмли тезкор хотира ўрнатилади. Янги айфоннинг асосий камераси 12, селфи-камераси эса 5 мегапикселли бўлиши тахмин қилинаётир. Шунингдек, у Taptic Engine каби турлича модуллар, датчиклар ва сенсорларга эга бўлишини кутиш мумкин. Яна бу йилги iPhone SE ҳам, «олмали» корпорациянинг кейинги йилларда чиқарган (iPhone X’дан ташқари) айфонларидаги сингари, сенсорли Home тугмачасига эга бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Манбанинг хабар беришича, 2018 йил январнинг охиридаёқ Apple компанияси iPhone SE (2018) моделини оммавий ишлаб чиқаришни бошлайди. Мазкур смартфонни йиғишга купертинолик гигантнинг тайванлик ҳамкори – Wistron компанияси масъул бўлиб, бунинг учун у Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида махсус заводини ҳам очган.

ЎҚИНГ: iPhone SE Ҳиндистонда ишлаб чиқарила бошлади

Шунигдек, Alex Gech канали шу пайтгача тарқалган хабарлар асосида тайёрланган iPhone SE 2 (2018) смартфонининг рендер-видеосини YouTube’га жойлаган. Унда айтилган хусусиятлар TrendForce тахминларидан қисман фарқ қилади – мана, томоша қилинг:

Ҳозирча iPhone SE (2018) моделининг тақдимот санаси ва нархи хусусида маълумот йўқ. Бу борада янгилик бўлиши билан хабар берамиз, биздан узоқлашманг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!