Аpple «Матрица» ва «Робокоп» ишланган киностудияни ижарага олмоқчи

Аpple «Матрица» ва «Робокоп» ишланган киностудияни ижарага олмоқчи

Купертинолик гигант видеоконтент ишлаб чиқаришга катта маблағ сарфламоқчи, деб ёзади Engadget.

Нима гап ўзи?

Netflix ҳамда Amazon компанияларининг соҳадаги ютуқларидан илҳомланиб, Apple ҳам видеоконтент ишлаб чиқаришга жиддий қизиқиб қолди. Бу ниятини амалга ошириш учун у Ҳолливуддаги биринчи студиялардан бўлмиш The Culver Studios’ни танлади.

Айни шу студияда кўплаб киноклассика асарлари, жумладан, «Матрица», «Шамолларда қолган ҳисларим», «Фуқаро Кейн», «Робокоп» ва «Биллни ўлдириш» кабилар суратга олинган. The Culver Studios’га Ҳолливуддаги 13 та павильон тегишли, уларда катта киноасарларни, шунингдек, телешоуларни суратга олиш имкони мавжуд.

Видеоконтент «Олма»га нега керак?

Google, Facebook, Amazon ва Apple каби IT-гигантлар янги телевизион инқилобни олиб кираётгани ҳақида Ғарб матбуоти икки йилдан бери жар солиб келаётир. Масалан, YouTube аллақачон телесериалларга продюсерлик қила бошлаган. Amazon эса ўтган йили «Денгиз бўйидаги Манчестер» драмаси учун иккита «Оскар» ҳам олди. Netflix бўлса, кейинги йилда видеоконтент ишлаб чиқаришга 7 миллиард АҚШ доллари сарфламоқчи.

Хулласи калом, агарда Apple ҳам уларнинг «чангида қолиб кетмаслик» учун, энди шу йўналишга жиддий эътибор қаратишни режалаштирган.

Apple’нинг нимаси бор?

Айтиш керакки, купертинолик гигант бу соҳада шу пайтгача бирор айтарли ютуққа эришган эмас. Apple TV приставкаси ҳамда реалити-шоу омадсизликка учрагач, компания Sony Pictures Television’дан икки нафар топ-менежер ёллаган ва ўз телеприставкасини қайта ишлашга киришган.

Асосийси – Apple бу ишга ҳали эндигина жиддий киришмоқда. Яқин йилларда у видеоконтент ишлаб чиқаришга миллиард доллардан ортиқ маблағ киритишга бел боғлаган.

 Нима дейсиз, бу соҳада у рақобатчиларидан ўзиб кетармикан? Омон бўлсак кўрармиз...

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.