Apple'нинг собиқ муҳандислари "ақлли" қулф яратишди

Apple'нинг собиқ муҳандислари

Otto стартапи мутахассислари сафида Apple корпорациясининг собиқ инженерлари ҳам бор. Инновацион иқлимдан баҳра олган ёш ходимлар янги иш жойида ҳам ўзларини кўрсатиб, "ақлли" қулфни яратишга муваффақ бўлдилар. Бу тўғрида The Verge нашри хабар беради.

XXI асрда анъанавий қулфлар умрини яшаб бўлганини ҳисобга олиб, ёш технологлар Otto Lock қулфини намойиш қилишди. 

Ишланма электрон модуллари билан биз ўрганиб қолган қулфлардан фарқ қилади. Эшикни очиш учун фойдаланувчи эшик олдига келса кифоя қилади. Фақат смартфондаги Bluetooth модули ёқилган бўлиши керак. Эшик ҳеч қандай логин ва парол сўрамайди. Агар смартфон қувватсизланиб қолган бўлса, "смарт-қулф" уй эгасидан 4 белгили пин-кодни сўрайди.

Otto Lock'нинг яна бир аҳамиятли жиҳати — ихчамлиги. У анъанавий муқобилларидан 2 баробар кичик. Девайс Bluetooth билан бирга, Wi-Fi модулига ҳам эга. Натижада, бу қулф симсиз тармоқ ёрдамида уйдаги Google Home, Amazon Echo каби бошқа смарт-қурилмалар билан уланади. Мисол учун, эшикни бу қурилмаларга буйруқ бериб ҳам очиш мумкин бўлади. Ишлаб чиқарувчилар илғор қулфни тез орада бошқа маиший гаджетлар билан улаш ҳаракатидалар.

Инновацион гаджет тўлиқ қувват билан 3-4 ой давомида бемалол ишлайди. Ундаги ёрдамчи аккумулятор бош батарея қувватсизланганда автоматик тарзда уланади.

Нарх ҳам Apple'га монанд. Компания Otto Lock'ни 700$ доллардан сотиш режасида. Яъни, янги iPhone 7 нархида. Уни ўрнатиш учун эса қўшимча 150$ доллар пул тўлаш керак бўлади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.