Apple’нинг устидан кулиб, Huawei «ҳақиқий сунъий идрок»ни кўрсатишга ваъда берди (+видео)

Apple’нинг устидан кулиб, Huawei «ҳақиқий сунъий идрок»ни кўрсатишга ваъда берди (+видео)

16 октябрда бўлиб ўтиши кутилаётган Mate 10 тақдимоти арафасида Huawei компанияси ўзининг Facebook-саҳифасида антиқа видеоролик эълон қилди. Уни Apple устидан кулиш, дея баҳолаш ҳам мумкин.

Роликда клоун (масхарабоз) смартфонни блокдан чиқариш учун юзни сканерлаш жараёнидан ўтмоқчи бўлади, бироқ уддалай олмайди. Бу эса худди  янги iPhone X флагмани тақдимотида Face ID функцияси айни намойиш жараёнида панд бериб қўйганига ўхшаш ҳолатдир. Кейин эса видеолавҳада қалқиб чиқувчи матн пайдо бўлади: «Ҳақиқий сунъий идрокли смартфон. 16 октябрь».

Буларнинг барчаси Huawei томонидан ўз нейрон процессорига эга бўлган Kirin 970 чипи ишлаб чиқилаётганлиги ҳақидаги маълумотга мос келади. Сентябрнинг бошидаги IFA кўргазмасида Huawei раҳбари сўзга чиқар экан, сунъий идроки шарофати билан Kirin 970 базасидаги смартфонлар фойдаланувчини тушуна олиши, шунингдек, реал вақт режимида нутқни ва объектларни таний билишини маълум қилган эди.

Афтидан, серқирра бу процессор биометрик ҳимоя функцияларини ҳам яхши уддалай билишига Huawei қаттиқ ишонмоқда. Агар шундай бўлмаса, 16 октябрда унинг ўзи ҳам Apple каби масхараларга нишон бўлиши аниқ.

Воқеалар ривожини биз билан кузатиб боринг.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.