Apple ноилож ўз айбини тан олди

  •   DiMaX
  •  3462
  •  21.09.2017 18:02

Apple ноилож ўз айбини тан олди

Купертинолик гигантнинг Apple Watch Series 3 смарт-соатлари савдоси эртага, 22 сентябрдаёқ бошланади. Бироқ ундаги мақталган асосий янгиликда катта бир муаммо мавжудлигини компания аллақачон тан олди, деб ёзади The Verge.

Гап шундаки, «Олма» соатларининг учинчи авлоди уяли тармоқни қўллаб-қувватлайди – аввалги барча «ақлли» соатлардан афзал тарзда, у мобил алоқа модулига эга! Бу дегани – энди смартфондан мустақил равишда, шу соатнинг ўзидан алоқага чиқиш мумкин.

Аммо ишлаб чиқарувчини қийин вазиятга солган жиҳат шундаки, янги соати уяли алоқанинг тўртинчи авлоди – LTE тармоғига уланиши билан фойдаланувчилар муаммоларга дуч кела бошлашган. Компания расман савдога чиқаришдан аввал, тавсифлаб ёзишлари учун журналистларга Apple Watch Series 3 намуналарини тақдим этган эди. Муаммо ҳақдаги шикоят айнан шу журналистлардан тушгани эса масалага панжа орасидан қараб бўлмаслигини билдиради.

Журналистларнинг сўзларига кўра, смарт-соатлар смартфондан узоқроқ жойлашганида, уяли алоқа тармоғига эмас, балки номаълум Wi-Fi тармоқларига уланишга уринади. Мазкур муаммоси сабабли нуқсонли деб топилиб, алмаштириб берилган янги соатларда ҳам шу ҳолат кузатилгач, бу оммавий «касаллик» экани маълум бўлган.

Натижада, Apple мазкур муаммони тан олиб, расмий баёнот беришга мажбур бўлди:

«Биз шуни пайқадикки, Apple Watch Series 3 аутентификация қилинмаган Wi-Fi тармоқларига уланишсиз қўшилганида, баъзан бу ҳолат соатнинг уяли алоқа тармоғига уланишига тўсқинлик қилади».

Apple аллақачон бу муаммони ҳал этиш устида иш бошлаган ва соатнинг дастурий таъминотини янгилашда бартараф қилишни режалаштирмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!