Apple қайишқоқ экран учун патент олгани, унинг тафсилотлари фош бўлди

Apple қайишқоқ экран учун патент олгани, унинг тафсилотлари фош бўлди

Шу ҳафта аввалида Apple ҳамда LG қайишқоқ дисплей яратишда ҳамкорлик қилаётгани, бу борада илмий изланишлар олиб бораётгани хусусида маълумотлар тарқалган эди. Афтидан, компания ўз режаларини кейинги iPhone флагманлари учун дисплей яратаётган Samsung'дан қаттиқ сир сақлаётган кўринади. Бугун эса букиладиган экранли iPhone'га оид янги маълумотлар пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, Apple компанияси 2016 йилнинг 30 августида букиладиган экран учун патент олган. Унда ёзилишича, қайишқоқ экран технологияси истиқболда компания томонидан татбиқ этилади ва унинг дисплейини буклаш мумкин бўлади. Жумладан, электрон қурилмадаги дисплейнинг юпқа қисми қурилмани 2 га буклаш имконини беради.

Бу фақат смартфон учун эмас
Патент гувоҳномасида ёзилишича, Apple томонидан OLED ва micro LED экранларида фойдаланиш кўзда тутилган бу технология фақат смартфонлар эмас, ноутбук, планшет, қўл соатлари ва корпорация ишлаб чиқараётган бошқа гаджетларда ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Патент гувоҳномасида яна бир муҳим жиҳатга ойдинлик киритилган. Яъни, бу каби экранга эга қурилма букилганида тасвир сифати ёки гаджетнинг ишлашига таъсир қилмайди. Бундай экран ноутбук ёки китоб каби турли даражада қайишиши мумкин. Шунингдек, қурилмани ҳамён каби буклаш ҳам мумкин. Бунда дисплей девайснинг олд қисмига айланади.

Бироқ, Apple айни пайтда бу технологияни тадқиқ қилаётган бўлса ҳам, унинг ҳали бери янги айфонларда қўлланилишини кутиш -- хато. Экспертларнинг фикрича, компания 2020 йилдагина бундай қурилмаларни тайёрлаши мумкин. Бошқа томондан эса Samsung 2018 йилда бундай экранли гаджетларни оммавий ишлаб чиқармоқчи.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.