Apple «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчияпти

Apple «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчияпти

Samsung келаси йили буклама экранли илк смартфонини тақдим этмоқчи эканлигидан хабарингиз бор. Купертиноликлар ҳам бу борада ундан қолишмасликка ҳаракат қилишяпти, аммо Apple бу гал масалага бошқачароқ ёндашмоқда, деб ёзади The Investor нашри.

Маълумки, Apple ўз смартфонларида қўлланиб келаётган OLED-дисплейларнинг асосий етказиб берувчиси Samsung Display компаниясидир. Аммо асосий рақобатчисига қарашли бу компания янги ишланмасини ўғирлаб олишидан чўчиб, Apple дисплей борасида уларга буюртма бермасликка қарор қилди. Купертинолик гигант буклама дисплейлар етказиб берувчи сифатида бошқа ҳамкор топишни маъқул кўрди ва, хабарга кўра, LG Display компанияси билан иш бошлаган.

Буклама iPhone қандай бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аммо манбаларга ишонсак, уни оммавий ишлаб чиқаришга 2021 йилдан олдин киришилмайди. Лекин, купертиноликлар смартфон учун буклама платалар ишлаб чиқариш бўйича аллақачон LG Innotek билан келишиб олган, деган маълумотлар ҳам чиққан. Бу эса буклама айфон эртароқ чиқиши эҳтимолини кучайтиради.

Очиғи, тўрт йилдан сўнг ахборот технологиялари қандай тус олишини ҳозир тасаввур қилиш ҳам қийин, чунки мазкур соҳа яшин тезлигида ўсиб бораётир. Ким билади, ҳали Apple турли форм-фактордаги смартфонларни тажриба қилиб кўраётган бир пайтда, қанақадир унча танилмаган бир стартап мобил алоқанинг умуман бошқача усулини тақдим этувчи гаджет ишлаб чиқар?

Хабарингиз борки, Samsung’нинг буклама смартфони ҳақидаги хабарлар шу йилнинг март ойида тарқала бошлаган. Сентябрда эса компания букилувчан смартфонни сертификатлаш бўйича Корея радиотадқиқотлар агентлигига патент аризасини топширган. Galaxy X деб аталаётган ушбу модел, нархи баландлиги боис, iPhone X’дан ҳам ноёб смартфон бўлади.

Шунингдек, Хитойнинг ZTE компанияси улкан дисплейли, аммо ихчамлик учун икки буклаб ишлатиш ҳам мумкин бўлган смартфон – кодли номи Axon Multy бўлган қурилмасини тайёрламоқда. Geekbench бенчмаркида ZTE Z999 номи остида синовдан ўтганида унинг айрим хусусиятлари фош бўлгани ҳақида ҳам ёзганмиз.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.