Apple сув тўлқини генераторларига сармоя ётқизади

Apple сув тўлқини генераторларига сармоя ётқизади

Сўнгги йилларда Apple турлича янги технологиялар яратишга қизиқаётгани тўғрисида сайтимиз бир неча марта хабар берди. Жумладан, янгиланувчи энергия манбаларини ишга солиш ҳам гигант компаниянинг қизиқишлари доирасига киради. Apple мақсади – тўла “яшил” энергияга ўтиш. Бунинг учун қуёш электростанциялари қурибгина қолмай, янги технологияларга сармоя киритмоқда.

Сўнгги олинган маълумотга кўра, денгиз тўлқинидан энергия ишлаб чиқариш мўлжалланган лойиҳага Apple 1 миллион доллар сарфлашни режалаштиряпти. “Тишланган олма” маблағи тадқиқот ва тажриба ишлари учун сарфланиши тахмин қилинади.

Apple денгиз тўлқини энергиясини ишлаб чиқаришга муваффақ бўлгач, бу электростанция компаниянинг Европадаги МИБМни (маълумотларга ишлов бериш маркази) энергия билан таъминлайди. Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Apple Европада иккита МИБМ қурилишини якунлайди. Бу йирик лойиҳага компания 2 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Apple энергетикага боғлиқ лойиҳалардан ташқари ўрмонларни асраб қолишга маблағ ажратмоқда ва ўз маҳсулотларини экологик тоза материалларда яратишга аҳамият бермоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!