Apple таклифнома тарқатмоқда: iPhone 8'гача саноқли кунлар қолди

Apple таклифнома тарқатмоқда: iPhone 8'гача саноқли кунлар қолди

Apple компанияси кейинги авлод айфонининг тақдимот кунини расман эълон қилди. Кутилганидек, iPhone 8 флагмани 12 сентябрда намойиш қилинади.  

"Маълумотларга қараганда, купертинолик IT-ишлаб чиқарувчиси iPhone'нинг 3 та янги модели, жумладан бугунгача маълум айфонлардан тубдан фарқ қилувчи iPhone 8'ни ҳам тақдим қилади", деб ёзмоқда The Verge нашри.

Расмий таклифномада тақдимот санасидан ташқари, у қадар ҳам кўп деталлар маълум қилинмаган. Унда фақатгина қуйидаги сўзлар ёзилган: "Келинг, ўзимизнинг жойимизда учрашамиз". Бу гапнинг маъносига қараганда, юбилей тақдимоти Apple Park кампуси ҳудудида, Стив Жобс номидаги янги театрда бўлиб ўтади.

Шубҳасизки, iPhone 8 тақдимот қаҳрамонига айланади. Смартфон янгича дизайндаги, ромсиз 5,8 дюймли OLED-экранга эга бўлади. Маълумотларга кўра, Apple бу гал Touch ID бармоқ излари сканеридан воз кечади. Унинг ўрнига янги авлод айфони юз-қиёфа сканери билан таъминланади. Сўнгги хабарлардан маълум бўлишича, iPhone 8'нинг бошланғич талқини 64 гигабайтли доимий хотира билан таъминланади. Бу талқин тахминан 1000 доллардан сотувга чиқади.

Шунингдек, 12 сентябрда iPhone 7s ҳамда iPhone 7s Plus смартфонларининг ҳам презентациялари бўлиб ўтади. Уларнинг дизайни аввалги флагманларга ўхшаса ҳам, янгича инновацион жиҳатларга эга бўлишади.

Кутилаётганидек, смартфонлардан ташқари, Apple янги авлод Apple TV телеприставкаларини ҳам намойиш қилади. Инновацион телевизор аксессуари 4K сиғимли тасвирни қўллаб-қувватлайди.

Қолаверса, илғор Apple Watch смарт-соатлари ҳам тақдимотдан ўрин олган. У алоқанинг LTE тармоғида ишлайди ва сим-карта учун бўлмачага эга бўлади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас: "Олма"нинг яна бир совғаси iPhone ва Mac қурилмаларига мўлжалланган инновацион дастурий таъминот тизими бўлади.