Apple Watch’нинг илк бирикувчи қувватлаш қурилмаси сотувга чиқарилмоқда

Apple Watch’нинг илк бирикувчи қувватлаш қурилмаси сотувга чиқарилмоқда

Apple компанияси ўзининг Apple Watch “ақлли соат”ларига мўлжалланган док-станция, яъни бирикувчи зарядлаш қурилмасини сотувга чиқармоқда. Смарт соатларни электр таъминоти кабели билан улашга хизмат қиладиган ушбу мўъжаз конструкцияга ётоқхона тумбочкасидан озгина жой ажратишга тўғри келади.

Бир муддат аввал норасмий маълумот тариқасида оммалашган бу хабар компания томонидан расман тасдиқланди. Қувватлантиргич док-станциясининг шакли ва ҳажми CD дискни эслатади. Қурилманинг марказий қисмида жойлашган магнитли қувватлантириш блогига ақлли соатнинг орқа қисмини ётқизган ҳолатда ёки блокни ростлаб, соатни ёнбоши билан қўйган ҳолатда соатларни зарядлаш мумкин.

Қурилманинг марказий қисмида магнитли қувватлантириш блоги мавжуд.

Қувватлантириш станциясини Lightning/USB кабеллари, шунингдек 5 Вт кучлантириш имконига эга Apple USB таъминот мосламаси ёрдамида таъминот тизимига улаш мумкин.

Ақлли соатлар ёнбошига қўйиб қувватлантирилаётганида автоматик равишда тунги режимга ўтади ва ундан будильник сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Apple’га хос услубга кўра, қурилманинг шакли ғоятда ихчам.

Замонавий услубга хос қурилма

Шу кунгача Apple Watch фойдаланувчилари учинчи томон ишлаб чиқарувчиларининг электрон қурилмаларни қувватлантиришга мўлжалланган бирикувчи станцияларидан фойдаланиб келишаётган эдилар. Улардан фойдаланиш имконияти эса жорий йилнинг сентябрь ойида компания томонидан ақлли соатлар учун ишлаб чиқилган watchOS 2 платформасининг янгиланган талқини тақдим қилингач янада ошган эди.

Қурилманинг АҚШдаги баҳоси 79.99 АҚШ доллари эканлиги маълум қилинган ва у 20 ноябрдан бошлаб сотувга чиқарилади. Буюк Британияда мазкур қувватлантириш мосламаларини қаердан сотиб олиш мумкинлиги маълум бўлмаса ҳам, унинг бу мамлакатда 65 фунтдан сотилиши кутилмоқда. Кўриниб турибдики, ақлли соатларимизни замонавий усулда қувватлантириш борасидаги танловимиз унчалик ҳам арзонга тушмайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!