"Facebook’нинг 1-рақамли давлати" мақоми осиёлик бу мамлакатга ўтди

Facebook компанияси тақдим этган сўнгги статистик маълумотларга кўра, Facebook платформасидан фойдаланадиган аҳоли сони бўйича Ҳиндистон шу вақтга қадар пешқадам бўлиб келган АҚШни ортда қолдирди.

Жорий йилнинг 13 июлига кўра, Ҳиндистонда 241 миллион нафар интернет фойдаланувчиси Facebook тармоғида рўйхатдан ўтган. Америка Қўшма Штатларида эса айни пайтда 240 миллион нафар Facebook фойдаланувчиси истиқомат қилади. Ҳинд фойдаланувчиларининг 50 фоизидан ошиғини 25 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил қилади.

Facebook бир неча кун аввал ойлик фаол фойдаланувчилари сони 2 миллиарддан ошганини маълум қилган эди.

АҚШ билан солиштириб кўрганда, Ҳиндистонда Facebook'дан фойдаланувчи аудиториянинг ўсиш суръати 2 баробар юқори. Мисол учун, сўнгги 6 ойда бу тармоққа 50 миллиондан зиёд фойдаланувчи келиб қўшилган бўлса, АҚШда бу 26 миллионни ташкил қилади. Аҳоли сони 1 миллиард 282 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Ҳиндистонда 462 миллион нафардан зиёд интернет фойдаланувчиси мавжудлиги ҳисобга олинса, бу давлат Facebook учун йирик аудитория манбааси ҳисобланади.

Ҳинд нашрларининг ёзишларича, мамлакатда Facebook’дан фойдаланиш бўйича жиддий гендер нотенглиги мавжуд. Жумладан, 241 миллион нафар фойдаланувчининг 4 дан 3 қисмини эркаклар ташкил қилади. АҚШда эса фойдаланувчиларнинг 54 фоизини аёллар ташкил қилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!