АҚШ истеъмолчилар кенгаши: "iPhone X нархига номуносиб флагман"

АҚШ истеъмолчилар кенгаши:

Йилнинг кутилган флагманларидан бўлган iPhone X бозорнинг ва Apple'нинг энг қимматбаҳо смартфонларидан бири бўлди. Унинг 64 гигабайтли базавий талқини учун АҚШ да $999 доллар, энг қиммат 256 ГБ доимий хотирага эга талқини учун $1149 доллар сўралмоқда. Apple компаниясининг сўзларига кўра, янги флагман баҳоси тўлиқ ўзини оқлайди. У дизайн ва техник хусусиятларига кўра ҳар жиҳатдан илғор. Гарчи, бренд бунга ишонсалар ҳам, Consumers Union (Consumer Reports) ташкилоти бундай фикрда эмас.

Consumers Union нодавлат муассасаси АҚШ истеъмолчилар Кенгаши ҳисобланади. Бу муассаса турли электрон қурилмаларни ўзининг 50 дан зиёд шахсий лабораторияларида синовдан ўтказиб, уларнинг нарх-навосига қанчалик муносиб эканини таҳлил қилади. Бунда фойдаланувчиларнинг муносабатлари ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

ЎқингБир манзарани Canon 5D Mark III, Google Pixel 2 XL ва iPhone X бир вақтда суратга олиб кўрди

Consumer Reports'нинг навбатдаги синов-объекти Apple'нинг янги флагмани бўлди. Унга кўра, натижалар ижобий эмас. iPhone X етарлича муаммоларга тўла. "Олма" эса бу муаммолар тўғрисида гапиришни истамайди.

Consumers Union экспертлари iPhone X'га қониқарсиз баҳо қўйишган. Бу борада унинг кўрсаткичлари iPhone 8, iPhone 8 Plus ва Samsung Galaxy S8'дан ҳам паст. Гап шундаки, уни орқага тортиб турган бош омил -- флагманнинг баҳосидир. Одатда экспертлар муайян гаджетни ўрганаётганда унга нисбатан меъёрларни баҳосига кўра белгилашади.

Мисол учун, бу телефон ерга тушиб кетса, корпуси ёки экранига осонлик билан дарз кетади. Уни таъмирлаш учун эса яна "отни калласидай" пул керак бўлади. Шу билан бирга, аксарият фойдаланувчилар унинг аккумулятор ва қувват сиғимидан шикоят қилишмоқда. iPhone X совуқ шароитда ўз-ўзидан ўчиб қолиши ҳам кутилмаган носозлик.

Қолаверса, Face ID биометрик сканери барқарор ва аниқ ишламайди. Буни Apple ҳам тасдиқлаган. Интернет тармоғида ҳам бу сканернинг ишлаши билан боғлиқ носозликлар туфайли қолдирилган кўплаб шикоятларга гувоҳ бўлиш мумкин. Унинг олдини олиш учун эса компаниянинг хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилиш керак. Экспертларнинг фикрича, iPhone X ўз нархига муносиб эмас. Бозорда ундан қолишмайдиган қизиқарли жиҳатларга эга, шу билан бирга анча-мунча арзон кўплаб мобил алоқа воситалари мавжуд.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!