Artel Samsung музлатгичларини ишлаб чиқаради

Artel Samsung музлатгичларини ишлаб чиқаради

Kun.Uz‘нинг ёзишича, Artel савдо белгиси Samsung бренди остида музлатгичлар ишлаб чиқаришни бошлайди. 4 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа, Жанубий Кореянинг Samsung Electronics компанияси ҳамкорлигида йўлга қўйилмоқда.

Лойиҳани Artel савдо белгиси остида маҳаллий музлатгичларни ишлаб чиқарувчи Polaris Technologies компанияси амалга оширади. Натижада, корхонанинг моделлари қатори яна 4тага ортади, деб хабар қилмоқда “Ўзэлтехсаноат” АЖ матбуот хизмати. 

Лойиҳа доирасида, Корея, Япония, Италия ва Хитойдан технологиялар ва бутловчи қисмлар харид қилинган. Уларни йиғиш ишлари хорижлик муҳандислар назоратида маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилган.

Шу билан, корхона 290 ва 320 литр ҳажмли Samsung музлатгичларини йиғишни ўзлаштирган. Уларда, экологик хавфсиз R-600 хладагентдан фойдаланилади. Инвертерли компрессор А+ энергияни тежаш самарадорлигига эга.

Лойиҳанинг биринчи босқичида маҳаллийлаштириш даражаси 37,2 фоизни ташкил этади. 2018 йилга келиб, бу рақамни 45,8 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида сифатни назорат қилиш жиддий йўлга қўйилган. Бу ўз навбатида ҳар қандай нуқсоннинг олдини олиб, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Жорий йилда, 6000 дона музлатгич ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, 2017-2018 йилларда ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Ҳозирда, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!