Artel U5 тақдим қилинди: миллий маҳсулот бизга муносибми?

Artel U5 тақдим қилинди: миллий маҳсулот бизга муносибми?

26 декабр куни пойтахтимизда яп-янги Artel U5 смартфони тақдим қилинди. Artel компанияси тақдим қилаётган смартфон моделлари бугунги аксарият фойдаланувчи ва харидорларнинг танқидига сабаб бўлмоқда. Шундай бўлса ҳам, бу бренд тўхтаб қолгани йўқ ва ҳаракатда.

Artel U5 миллий мобил алоқа воситасининг бош жиҳати сифатида ундаги 16 мегапикселли селфи камерани айтиш мумкин.

Экран ва намойиш 

Янги Artel U5 смартфони 5,7 дюймли, 1440×720 пикселли (HD+ сиғимли) экранга эга бўлган. Яна бир ўзига хослиги -- олд панелнинг 83 фоиз қисми экрандан иборат. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, мазкур ўлчамдаги смартфонлар учун бу ноёб кўрсаткич экан.

Шу билан бирга, Artel вакиллари U5 смартфонидаги IPS-дисплейнинг тасвир узатиши аниқ ва ёрқин экани, тасвир деталларга бой бўлиши, экрандаги 2.5D шишаси тасвирни янада жозибадор қилишини маълум қилишган.

Платформа самарадорлиги

Artel U5 платформаси Qualcomm компаниясининг 64 битли Snapdragon 425 чипсети асосига қурилган. Бизнинг смартфон бозорда нисбатан оммалашган, ҳамёнбоп Xiaomi Redmi 4A ҳам Snapdragon 425 (2 ГБ тезкор ва 16 ГБ доимий хотирага эга) процессори билан таъминланган.

Redmi 4A модели билан яқиндан танишамиз. Ушбу смартфон Хитойнинг интернет дўконларида $90 доллардан бошлаб сотилмоқда. Юртимиз смартфон бозорида ҳам бу модел анча машҳур.

Бу чипда 4 ядро бўлиб, ҳар бирининг частота тезлиги 1.4 Ггц. Бу чипнинг маълумотни қайта ишлаш техник жараёни 28 нанометрни ташкил қилади. Яъни, самарадорлик бугунги кучли флагманлар процессоридан 2 баробар паст. Бу борада миллий компаниямиз орқага қадам ташлаган. Боиси, аввалги -- Artel P5'да бу чипдан нисбатан кучлироқ, 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 430 чипи ўрнатилган эди. Snapdragon 425 жаҳоннинг энг арзон ва бошланғич нархли смартфон моделларига ўрнатилади.

Рақиблар

Бизга бирмунча таниш бўлган Samsung Galaxy J3 (2017), Xiaomi Redmi 4, Xiaomi Redmi 3S/3S Prime, Lenovo K6, Lenovo Moto G5, Asus ZenFone 3 Laser/Max, Nokia 6, LG Stylus 2 Plus смартфонлари мана шу процессорда ишлайди.

График-тасвирлар учун Adreno 308 видео-картаси масъул бўлган. Xiaomi Redmi 4A’да ҳам шу видео-карта ўрнатилган. Бу борада ҳам янгилик қувонарли эмас: Artel P5'да Adreno 505 видео-картасидан фойдаланилган.

Artel U5 смартфонининг тезкор хотира сиғими 2 гигабайт, доимий хотира эса 16 гигабайтли. Уни қўшимча флешка ёрдамида 64 гигабайтгача катталаштириш мумкин. Айтиш жоизки, Artel P5'даги хотира сиғими 3 ГБ эди. Смартфон аккумулятори ҳам у қадар ҳавас қиларли эмас -- 2900 мА соат, бу қувват бир кунлик фаолиятга етиб қолади.

Cмартфоннинг ўзига хосликлари

Artel U5 смартфонидаги 16 мегапикселли селфи-камера учун фоточақноқ ҳам ўрнатилгани айни муддао.

Бош камера учун эса 13 мегапикселли сенсор танланган. Бош камерада "Portrait" режими бўлиб, унда портретлар ижод қилиш мумкин. Beauty Face функцияси эса фойдаланувчининг юз-қиёфасини жозибали кўринишга келтиради. Бош камерада панорама суратлар олса бўлади. HDR ёки Night Shot (Тунги) функциялар ҳам камера имкониятларини оширади.

Сенсорларга бой, бироқ ...

Artel U5 модели қўшимча сенсорларга бойлиги айтилмоқда. Булардан бири бармоқ изи сканери. Бу датчик орқа панелдан ўрин олган.

Шу билан бирга, U5 модели ёруғлик, оралиқ-масофа, ҳолл датчиги, акселерометр ва гироскоп каби сенсорларга эга бўлган.

Бироқ, эсингизда бўлса, биз NFC (яқин масофада контактсиз алоқа ўрнатиш) модулининг йўқлиги боис, Artel P5'ни анча танқид остига олган эдик. Афтидан, компания бу гал ҳам бу муҳим датчикни унутган кўринади. Ваҳоланки, бугун ҳамма жойда, ҳаттоки автобус ва метроларда, савдо шаҳобчаларида NFC (яқин масофада контактсиз алоқа ўрнатиш) тизими орқали тўловлар юртимизда ҳам оммалашмоқда.

Artel U5 — селфи тушишга ишқибозлар учун айни муддао. Шу билан бирга, экран ҳам йирикроқ. Қолган жиҳатдан эса бу модел хусусиятлари билан мақтана олмайди. Маълумотларга кўра, бу модел бозорда 1.500.000 сўмдан сотилади. Шу ўринда компания маркетологлари учун бир таклиф. Бугун деярли ҳар кун бутун жаҳонда янги смартфон модели тақдим қилинмоқда. Компаниялар тақдимотда смартфоннинг сотувга чиқиш вақти ҳамда нархини эълон қиладилар. Artel ҳам шунга одатланиши керак. Нархнинг яширилиши смартфоннинг ўз нархига муносиб эмаслигини англатади.

Биз юқорида қайд этган Redmi 4A (16 gb) "Малика"да 943 000 сўмдан сотилмоқда. 1,5 миллион сўм турадиган Redmi Note 4x эса 5,5 дюймли FullHD сиғимли, 2.5D ҳимоя шишаси билан қопланган экранга, Qualcomm Snapdragon 625 (8 ядро, 2 ГГц) чипига, 3/4 Гбайт тезкор ва 32/64 Гбайт доимий хотирага эга. Ва, энг муҳими бу моделга 4100 мА соат сиғимли аккумулятор ўрнатилган.

Ҳа, Artel янги смартфон тақдим этганини ўқиб биз ҳам хурсанд бўлган эдик. Бироқ, унинг жиҳатлари билан танишгач, ҳафсаламиз пир бўлди. Кўзни шамғалат қиладиган селфи-камеранинг ўзи бозорда оммалашиш учун етарли эмас. Бугунги фойдаланувчилар у қадар эътиборсиз эмас. Ахир уларнинг Terabayt.uz номли ишончли манбалари бор!