"Арзон iPhone X"нинг нархи, сотувга чиқиш вақти маълум бўлди

2018 йилнинг биринчи чорагида Apple компанияси ихчамгина смартфонларининг янги авлод моделини тақдим қилади. iPhone SE услубидаги смартфон ўзида компаниянинг илк ромсиз флагмани бўлган iPhone X'нинг дизайн ҳамда баъзи бир техник жиҳатларини жам қилади. Шу билан бирга, анча арзон!

Сўнгги йилларда янги смартфон моделлари экран диагоналининг тобора катталашиб бораётганини кўриш мумкин. Аммо ҳаммага ҳам улкан "ғишт телефон"нинг зарурати йўқ. Қолаверса, Apple мухлислари учун ихчамлик доимо урф доирасида бўлиб келган. Яқин йилларгача 4,7 дюймли дисплейга, 4 дюймли экранга эга iPhone SE ўлчами Apple учун "олтин меъёр" ҳисобланар эди.

Ниҳоят, Apple "SE" туркумида кейинги вакилни тақдим этади. Инсайдерларнинг маълум қилишларича, янги айфон органик светодиодли ромсиз экранга эга бўлади. Унинг олд панелида Face ID қиёфа сканерига хизмат қилувчи True Depth камераси ўрнатилади. Шунингдек, орқа панелда 2 та сенсорли бош камера бўлади.

Экран ёнларидаги ромнинг олиб ташланиши эвазига экран диагонали 4 дан 4,7 дюймга катталашади, шу билан бирга корпус ўлчами сақлаб қолинади. Янги авлод iPhone SE модели A10 процессори, 2 гигабайтли тезкор ва 32 ГБ доимий хотира, 5 мегапикселли олд ҳамда 12 мегапикселли бош камерага эга бўлади.

Нарх-наво

Эслатиб ўтамиз, iPhone SE -- айни пайтда сотувга чиқарилаётган энг ихчам iPhone бўлиб, 4 дюймли жажжи экрандан иборат. Дизайнини iPhone 5'дан "мерос" олган бўлса ҳам, техник жиҳатдан iPhone 6S билан баҳсга киришади ва илғо A9 процессорига эга. "Кичкина деманг бизни", деганларидай бу айфоннинг афзалликлари кўп. 
Шу вақтга қадар $399 доллардан сотилган энг арзон талқин 50 долларга арзонлашди. Натижада, ҳозир унинг 32 ГБ талқини $349, 128 ГБ талқини $449 доллардан сотилмоқда.

Ноябрдан бошлаб сотиладиган iPhone X'нинг энг арзони 1000 АҚШ долларидан сотилади. Инсайдерларнинг маълум қилишларича, янги iPhone SE 2018 йилнинг март ойида 500 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.