ASUS энг кучли процессорли флагманни тақдим қилди

ASUS энг кучли процессорли флагманни тақдим қилди

Барселонада қизғин давом этаётган MWC 2018 конгресси доирасида ташкил қилинаётган кўргазмада Тайваннинг ASUS компанияси ўзининг янги авлод Zenfone смартфонларини тақдим қилди.

Ўтган йилги Zenfone 4 моделининг ўрнига бозорга тушириладиган Zenfone 5 туркумидан Zenfone 5, Zenfone 5 Lite ҳамда Zenfone 5 Z моделлари ўрин олган. Мазкур мобил алоқа қурилмаларининг барчаси ромдан холи дизайнда тайёрланган.

ASUS Zenfone 5'нинг энг кичик моделига рамкасиз экран ўрнатилган. Zenfone 5 ва Zenfone 5z олд панелнинг юқорисида iPhone X'никига ўхшаш ўйиқ бор. Бу майдонда камера ҳамда сенсор ўрнатилган. Ўзига хос жиҳати шундаки, смартфонда горизонтал режимда видео кўрадиган бўлсангиз, смартфон тизими бу ўйиқни қора ҳошия билан ёпади ва у сезилмайди. Олд панелнинг 90 фоизи экрандан иборат.

Zenfone 5 модели 6,2 дюймли, Full HD+ сиғимли дисплейга, томонлари нисбати 19:9 стандартли экранга эга бўлган. Девайс бош камераси қўш сенсорли: 12 мегапикселли Sony IMX363 сенсори ўрнатилган. Олд камера 8 мегапикселли.

Платформа самарадорлиги учун Qualcomm Snapdragon 636 чипи, 6 ГБ оператив ва 64, 8/128 и 8/256 Гб сиғимли доимий хотира ўрнатилган. Аккумулятор сиғими 3300 мА соат.

ASUS Zenfone 5 Lite смартфони туркумнинг энг арзон вакили. Унинг 6 дюймли экрани 2160 × 1080 та пиксел сиғимига эга, яъни Full HD+. Экран 2.5D шаклидаги қайрилма ҳимоя шишаси билан қопланган. Пишиқ шиша смартфоннинг орқа панелига ҳам ётқизилган.

Смартфоннинг аппарат таъминоти учун Qualcomm Snapdragon 630 ёки 430 процессорлари ўрнатилган. Аккумулятор сиғими 3300 мА соат. 2 та SIM-карта ва microSD хотира картаси учун алоҳида бўлмачалар мавжуд. Смартфон NFC контактсиз тўлов модулига ҳам эга бўлган. Қиёфа сенсори ёрдамида смартфонни блокировкадан чиқариш мумкин.

ASUS Zenfone 5 Z модели эса — энг кучли Snapdragon 845 процессори, 8 гигабайтгача тезкор ва 256 гигабайтгача доимий хотирага эгалиги билан кучли флагманлар сафидан жой олади. Бу модел қолган жиҳатлари билан Zenfone 5'ни эслатади: 6,2 дюймли, Full HD+ сиғимли дисплей, 12 мегапикселли 2 та сенсорли бош камера.

Қолаверса, Android 8 Oreo'га асосланган ZenUI 5 операцион тизими "сунъий ақл" технологиясига ҳам эга бўлган. Бу эса замонавий функциялардан фойдаланиш, сифатли суратлар олиш имконини беради.

ASUS Zenfone 5 апрелда, Zenfone 5 Lite — мартда, Zenfone 5 Z — июнда сотувга чиқарилади. Энг қиммат ҳисобланган Zenfone 5 Z модели 585 АҚШ долларига баҳоланган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!