ASUS металл корпусли ромсиз смартфон тақдим этди – олд панели деярли буткул экрандан иборат!

  •   DiMaX
  •  2192
  •  03.11.2017 12:13

ASUS металл корпусли ромсиз смартфон тақдим этди – олд панели деярли буткул экрандан иборат!

Тайваннинг ASUS компанияси Хитойда ўзининг ромсиз дизайнга эга Pegasus 4S смартфонини тақдим этди. Бу хусусда GizChina нашри хабар берган.

Бу – металл корпусга маҳкамланган, дисплейи олд панелини деярли бутунлай қоплаб олган, ҳамёнбоп туркумга мансуб мобил қурилмадир. Гаджетнинг орқа панелида эса қўшалоқ камера ҳамда бармоқ изи сканери ўрин олган.

Pegasus 4S моделининг дисплейи томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлиб, 5,7 дюймлик диагоналга, HD+ сифатга (720х1440 пикселли) эга. Унинг автофокус ҳамда чақноққа эга асосий камераси иккита – 16+8 мегапикселли модуллардан иборат. Селфи учун эса экраннинг тепасида 8 мегапикселли камера ажратилган. Девайснинг «юраги» – 1.4 гигагерцлик такст частотасида ишловчи, саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 435 процессоридир. Қурилманинг тезкор хотираси  3 ёки 4 гигабайт, доимий флеш-хотираси эса 32 ёки 64 гигабайт ҳажмга эга.

Тайванлик ушбу смартфонсознинг мазкур модели 4030 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. У Android 7.1.1 Nougat операцион тизими бошқаруви остида ишлайди. Иккита SIM-карта, LTE ҳамда VoLTE технологияларини қўллаб-қувватлайди. Pegasus 4S ўлчамлари 152,6х7267x8,8 миллиметрга, вазни эса 160 граммга тенг. У тезкор қувватлаш учун USB-C порти билан ҳам жиҳозланган.

Эслатиб ўтамиз, ASUS – Тайванда жойлашган компания бўлиб, компьютер техникаси ва эҳтиёт қисмлари, коммуникацион жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компанияга 1989 йилда асос солинган. У шахсий компьютер ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик компаниялардан биридир. ASUS маркаси номи Pegasus сўзидан олинган.

ЎҚИНГ: Ахборот технологиялари соҳасидаги энг машҳур брендлар маъноси

Pegasus 4S шу ойдаёқ сотувга чиқарилиши айтилмоқда, аммо нархи ҳозирча маълум қилинмаган.