Атиги 80 долларга Android’да ишловчи тўрт камерали iPhone X чиқяпти!

Атиги 80 долларга Android’да ишловчи тўрт камерали iPhone X чиқяпти!

iPhone X ҳали сотувга чиқиб улгурмасидан, уддабурон хитойликлар унинг клонини яратишди. Android тизимида ишлайдиган бу смартфон тўртта камерага эга, дея хабар берган PhoneRadar нашри.

iPhone X нусхасини Hotwav компанияси яратган бўлиб, бу модел Symbol S3 деб номланган. Компания биратўла Apple смартфонининг иккита нусхасини ясади – биттаси оддий дисплейга эга, иккинчисиниг дисплейида эса, оригинал «юбилей айфони»даги каби, камералар ва динамик учун юқори чеккасида «чекинган» жойи бор.

Мана, қуйидаги суратда иккаласини ўзаро солиштириб томоша қилиш мумкин:

Hotwav Symbol S3 орқа панели тобланган шишадан ишланган, смартфон корпуси қора ва оқ рангларда тақдим этилади. Унинг ҳатто асосий камераси модулларининг жойлашуви ҳам iPhone X’даги каби тикка кўринишда. Аммо уларнинг сиғими оригиналникидан паст – 12 ва 2 мегапикселли объективлар ўрнатилган. Селфи ишқибозларини ўйлабми, олд камерага ундан кучлироқ – 16 ва 2 мегапикселли сенсорлар жойланган. Афтидан, селфи-камеранинг иккинчи модули юзни сканерловчи Face ID сенсори ўрнида фойдаланилади.

Ўз-ўзидан маълумки, «хитойча iPhone X» купертиноликларнинг iOS 11 операцион тизимида эмас, балки Android’да ишлайди. Ҳатто унга мазкур тизимнинг энг сўнгги талқини – Android 8.0 Oreo ўрнатилишини ваъда қилишяпти.

Энди навбат энг қизиғига – «юбилей айфони»нинг клони қанча туради? Twitter фойдаланувчиси Алекс Тэйлор (@adntaylor) ёзишича, ушбу қурилмага атиги 80 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланади. Бу эса, оригинал iPhone X’дан нақ 16 баравар арзон, дегани, ахир!

iPhone X клони – Hotwav Symbol S3 смартфонининг техник хусусиятлари:

  • Дисплей: 6 дюймли, 1440х720 пикселли;
  • Процессор: MediaTek MT6739;
  • Хотира: 2 ГБ тезкор ва 16 ГБ доимий;
  • Камера: 12+2 Мп асосий ва 16+2 Мп олд камера;
  • Аккумулятор: 2900 мА/соат;
  • Операцион тизим: Android 8.0 Oreo.

Мазкур смартфон савдога қачон қўйилиши ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Бехабар қолмаслик учун бизни кузатиб боринг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.