AVTOTEST — янгича услубда ишлайдиган янги мактаб

AVTOTEST — янгича услубда ишлайдиган янги мактаб

Яқинда ишга тушган AVTOTEST инновацион автомактабининг очилиши интернетда анча шов-шув билан тилга олинди. Юқори технологиялар билан жиҳозланган ўқув юрти йўл қоидаларини ва ҳайдаш амалиётини яхши биладиган ҳайдовчиларни янгича усул билан етиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини айтади. Биз ушбу компания фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзимизни ва ўқувчиларимизни қизиқтирган саволларга жавоб топишга ҳаракат қидик.

Бу ерда дарс ўтиш методикасининг ўзгачалиги анъанавий ўқиш ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартиради. Бунга қандай эришилди? AVTOTEST олдига қандай мақсадлар қўйган? Carzone.Uz сайти билан ҳамкорликда компания ижрочи директори Бахтиёр Иноғомов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.


– Mазкур автомактабнинг очилишига нима туртки бўлди?

– Бизнинг ташкилотимиз 2012 йилда ташкил топган. Биринчи лойиҳамиз – AVTOTEST-1 электрон ўқув дастури автомактаблар ўқувчилари учун яратилган. Шунингдек, ИИВ ЙҲХББ имтиҳон олиш бўлинмаларида ҳам ушбу тест саволлари асосида бўлажак ҳайдовчиларни синовдан ўтказиш йўлга қўйилган. Мазкур дастурда йўл ҳаракати қоидаларига оид 700 та анимацион тест саволлари ўрин олган ва у 2013 йил ноябрь ойидан республикадаги барча автомактабларга етказиб берила бошланган. Кейинчалик автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув дастури асосида йўл ҳаракати қоидалари, автотранспортнинг тузилиши ва уларга техник хизмат кўрсатиш, хавфсиз бошқарув ва биринчи тиббий ёрдам фанларини қамраб олган ва 3D форматидаги анимацион роликлардан иборат AVTOTEST 2.0 яратилди. Дисклар ҳар бир ўқувчига мулк сифатида берилади ва ундан истаган вақтда фойдаланиши мумкин. Компаниямиз томонидан соҳа ривожи йўлида олиб борилган ишлар кўлами ҳисобга олиниб, бизга ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳуқуқи берилди.

Назарий машғулотлар ўтиладиган хона

Бизга қўйилган асосий мақсад, оддий автомактаб бўлиб қолиш эмас, балки шу соҳага янги нафас олиб кириш, жаҳон стандартларига мос сўнгги технологияларни олиб кириш, намунавий автомактаб ташкил қилишдир. Шу йилнинг 30 апрелида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 106-сонли қарори асосида “AVTOTEST” автомактабини ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди. Қарийб тўрт ой мобайнида олиб борилган амалий ишлар натижасида дастлаб Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчасида 1-филиал, кейинчалик Чилонзор туманида 2-филиал ишга тушди. Тошкент шаҳридаги бош бино эса Сирғали туманида қад ростламоқда. У ерда ҳам енгил, ҳам юк автомобилларига мослаштирилган автодромларимиз ҳам қурилади. Ўқувчилар бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун эса қулай шарт-шароитлар яратилиб, дам олиш масканлари ҳам барпо қилинади. Қисқа қилиб айтганда замонавий автошаҳарча бўлади.

– Автомактабни ташкил қилишда қандай қийинчиликлар бўлди?

– Автомактаб фаолияти ҳам қийин ва масъулиятли. Кузатувлар шуни кўрсатдики, соҳага доир қўланмалар, ўқув дастурлар ҳам сон ва ҳам сифат жиҳатидан етарли эмас. Эски нашрлар, қайсидир қисмларга бағишланган маълум йўналиш бўйича қўлланмалар энди кор бермасди. Шу боис AVTOTEST автомактаблар учун яхлит дарслик ҳам яратди. Автомактабимизни яхши ҳолатга келтиришга ҳаракат қилдик. Ўша видео-дарслик яратилди. Унинг учун ҳам салкам бир йил мутахассисларимиз тинимсиз меҳнат қилишди.

Дарс пайти

– Агар ўша видео-дарсликни вебсайтларингга жойлаштирсаларинг, ундан бошқа ҳайдовчилар ҳам билим ва кўникмаларини такрорлаб, мустаҳкамлаб турармиди?

– Аввало, техник ҳолатлари тўғри келмаслиги мумкин. Сайт катта ҳажмдаги маълумотни кўтара олмайди. Шу сабаб биз уяли телефонлар учун электрон шаклини яратишни режалаштирганмиз.

– Сизларнинг автомактабингиз бошқа автомактаблардан фарқи нимада?

– Биз автомактабимизда имкон қадар инсон ресурсларини камайтиришга ҳаракат қиламиз, ўқув-дискини олгандан кейин ўқувчи 10-15 йил кейин ҳам билимини қайтариб туриши мумкин. Содда тилда ўз билимини ўзи билан бирга олиб кетиши мумкин. Бизни автомактабни ташкил қилишдан аввал юқорида таъкидлаганимдек, кучли мутахассисларни чақирдик, икки гуруҳ тинмай ишлади; методистлар ва техник ходимлар. Бугунги ёшлар психологияси тубдан ўрганилди. Психологлар бугунги ёшлар қизиқиши ва дунёқарашини кичик деталларигача ўрганишди. Нима қилсак ёшлар дарсларга катта қизиқиш билан келади ва машғулотларни яхши ўзлаштиради, дарсдан кетиб қолмайди, уларни мажбурлаб олиб ўтирмаймиз, қайси интерактив дарс услубларини қўллаш мумкин? Хуллас, ҳаммаси ўрганиб чиқилди. Ўқув дарс методикаси ишлаб чиқилди. Кимдир келмай, ёки дарсда ухлаб, билганини қилиб ўтириши керак эмас, диққат билан дарсни тинглаши ва ҳайдовчилик гувоҳномасини ўз билим ва кўникмалари эвазига олиши керак. Бугун асосий автоҳалокатлар ёшлар, тажрибасиз ҳайдовчилар иштирокида юз бермоқда. Агар биз чуқур билим берсак, эртага профессионал ҳайдовчилар етишиб чиқади. Дарс методикаси ҳар хил қизиқарли ўйинлар, дебатлар-у, конкурсларни қамраб олган. Бу ўқувчиларда қизиқишни янада оширади. Техник томондан замонавий ускуналардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Ўқитувчиларимиз ҳам сараланиб олинган. Яқинда бориб автомактабимиздаги дарс жараёнини кузатдим; бир хонада ҳамма ўқувчилар жим, дарсни диққат билан тинглаб ўтиришибди. Бир хонада дебат…

Машғулотларда фойдаланиладиган макет

Автомактабга кириш магнит карталари орқали амалга ошади. Ҳар бир ўқувчи шахсий рақамли ID карта олади, у «Интранет» тизимига кириш учун логин ҳисобланади. Кабинетлар махсус сканерлар билан жиҳозланган. Сканерлар автомактабга келиш-кетиш вақтларини ҳисоблайди ва маълумотларни реал вақт режимида марказий мактабга юбориб туради. Интерактив услубнинг асосини технологик харита ташкил этади. Махсус технологик хариталар назарий машғулотларга ажратилган вақтнинг максимал даражада таъсирли ва рационал тақсимлашга қаратилган. Бу эса ҳар бир дарс босқичларга бўлиниб ҳар дақиқада ўқитувчи ўқувчига нима ўргатиши, қандай педагогик технологиялар қўллаши ва қандай тарқатма материалларни бериши олдиндан белгилаб қўйилишини таъминлайди. Масалан, компютерлаштирилган ўқитиш услубларига қўшимча сифатида қуйидаги дастурий таъминот ишлаб чиқилган:

«Сен йўл белгиларини биласанми?», деб номланган компютер ўйини. Ушбу ўйин ўқувчи йўл белгиларини хотирасида сақлаб қолиши учун ишлаб чиқилган. Бу ўйин бир неча режимда ишлайди: ўқитиш, машғулот қилиш, имтиҳон, беллашув. Шу билан бирга «Психология бўйича виртуал лаборатория» — ушбу дастур мия фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини яхшилашга қаратилган машғулотлар, тестлар ва методикаларнинг йиғиндиси бўлиб у шакллар, майдон ва рангларни фарқлай олиш қобилиятини яхшилайди. Барча талабалар автомобил бошқаришни замонавий симуляторларда ўрганади. Симуляторларда ишончли бошқара бошлаганларидан сўнг, улар ҳақиқий автомобилни бошқариши мумкин бўлади. AVTOTEST автомобиллари GPS навигаторлари ва кузатув камералари билан жиҳозланган. Ўқувчиларнинг барча ҳаракатларини автоматлаштирилган тизим қайд қилиб боради, бунда талабаларнинг машина бошқариш малакаси объeктив баҳоланади. Мактабда кузатув камералари мавжуд. Ҳар бир талабанинг шахсий кабинетида давомат, ўқувчининг ўзлаштириши, машғулотлар жадвали ҳақида маълумотлар акс этади. Агар сабасиз 40 соат дарс қолдирса, мактабдан кетишга тўғри келади.

Ўқув автомобиллари

– Тўлов қайтариладими?

– Йўқ, албатта. Бошида ўқувчи билан шартнома тузилади. Агар шартнома шартлари бирор узрли сабабсиз бузилса, ўқувчи билан хайрлашишга мажбурмиз. Яна ўқитувчилар ҳам қаттиқ назорат қилинади. Интранет тизими орқали ўқувчилар ўз шахсий кабинетида ўқитувчини баҳолаб боради. Шу сабаб ўқитувчилар ҳам доимий ўз устида ишлаши керак.

Автомактаб гувоҳномаси хорижда ўтадими?

– Йўқ. Ҳар бир мамлакатда ўз шароитидан келиб чиқиб маълум йўл ҳаракати қоидалари жорий қилинган. Масалан, Германияда ўз йўлларига мос хавфсизлик қоидаларини ўқитиб, сўнг гувоҳнома беради. Баъзи Араб давлатларида эса йўл ҳаракати хавфсизлиги тестини муваффақиятли топширсангиз, бир кунда ўша давлат ҳайдовчилик гувоҳномасини беришади. Ҳар бир давлатнинг ўз талаблари бор.

Ҳайдаш бўйича дастлабки амалиёт ўқув хонасида ўтади.

– Битта филиалда қанча ўқувчи ўқийди?

– Ҳар бир филиалимизда уч сменада, учтадан гуруҳ ўқиши мумкин. Ҳар бир гуруҳда стандарт асосида 25 та ўқувчи ўқийди.

– Келажакда автомактабнинг режалари қандай?

– Келажакда Тошкент шаҳрининг бошқа туманлари ва вилоят марказларида ҳам автомактаблар ташкил қиламиз. Чунки AVTOTESTга бўлган талаб ошиб бормоқда. Биз ҳар бир ҳудуддаги мижозларимизга юқори сифатли хизмат кўрсатишни истаймиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!