Айфонларда симсиз тезкор қувватланиш фаоллаштирилди

Айфонларда симсиз тезкор қувватланиш фаоллаштирилди

iOS мобил операцион тизимининг "11.2" рақамли янгиланишидан сўнг iPhone 8, 8 Plus ҳамда iPhone X флагманларини симсиз, 7,5 Вт қуввати билан зарядлаш мумкин бўлди.

RAVpower компаниясининг маълумотларига кўра, iPhone 8, 8 Plus ҳамда iPhone X смартфонлари iOS 11.2 тизимида тезкор қувват олиш имкониятларига эга бўлишди. Бунга смартфонларнинг ток қувватини 5 Вт.дан 7,5 Вт.га кўтариш орқали эришилган. Келажакда бу қувват чегараси янада кўтарлиши мумкин. Боиси, гаджетларни симсиз қувватлашга мўлжалланган Qi 1.2 технологиясида смартфонларни 15 Вт.гача бўлган кучланишда қувватлаш мумкин.

ЎқингКеласи йили 6,5 дюймлик iPhone X Plus чиқади

MacRumors нашри мутахассислари 2716 мА соат ток сиғимига эга аккумулятор ўрнатилган iPhone X флагманини Belkin симсиз қувватлаш станцияси ёрдамида тезкор қувватлаб кўришди. iOS 11.1.1 тизимида смартфон ярим соатда қувватини 46 дан 60 фоизгача тўлдириб олди. iOS 11.2 янгиланишидан кейин iPhone 8, 8 Plus ҳамда iPhone X'нинг симсиз тезкор қувват олиш салоҳияти янада кўтарилди. iOS 11.2 тизимида эса iPhone X 30 дақиқа ичида қувватини 46 дан 66 фоизгача тўлдирган. Қувватлаш жараёнида флагманда "авиарежим" ёқилмаган бўлган.

Шу ўринда айтиш керакки, Samsung’нинг Note 8 флагманида электр токи сиғими 3,300 мА соат бўлган аккумулятор ўрнатилган. Бу батареяни симсиз усулда тезкор тўлдириш учун 155 минут керак бўлади.

2018 йилда эса Apple ўзининг AirPower деб ном олган симсиз қувватлаш станциясини сотувга чиқаради. Унда бир вақтнинг ўзида 3 та қурилмани симсиз ва тезкор зарядлаш мумкин бўлади. Экспертларнинг фикрича, бу қурилма айфонларни янада тезкор усулда симсиз қувватлаш имконини беради.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.