Аёллар учун махсус тўплам: виртуал пардоз иловалари

Аёллар учун махсус тўплам: виртуал пардоз иловалари

Технологиялар қанчалик юксалмасин, барибир «дунёни гўзаллик қутқаради». Бу иккисининг уйғунлигини эса бугунги иловалар тўпламида кузатамиз.

Қуйида келтирилаётган мобил дастурлар аёл-қизларимизга фотосуратларини янада гўзалроқ қилишга ёрдамлашади. Айримлари эса ҳатто реал ҳаётда тўғри пардоз қилиш бўйича тавсиялар ҳам беради.

1. Makeup Genius

Ушбу илова суратда юзингизни реал вақт режимида макияж қилиш имконини беради. Бунинг учун смартфон камераси олдида қотиб ўтириш ҳам шартмас. Шунчаки, виртуал кўзгу олдида бир кўриниш берсангиз, унга табассум билан қараб қўйсангиз етарли. Рақамли пардозчининг ўзи чеҳрангизга керакли тенларни суради, кўзингиз атрофларига пардоз беради, лабларингизга лаббўёқ суради... Шунингдек, мазкур пардоз техникаларини реал ҳаётга қандай татбиқ этишни ҳам илова орқали ўрганиб олиш имкони ҳам бор.

Бу иловани iOS операцион тизими бошқаруви остидаги қурилмалар соҳибалари мана бу, Android-қурилмалар эгалари эса мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олишлари мумкин.

2. Perfect365

Мазкур дастур фотосуратдаги лаб ва кўз чегараларини автоматик тарзда аниқлайди ва танлаш учун 28 та тайёр услубни таклиф этади. Шунингдек, макияж унсурларини мустақил танлаш ҳам мумкин: тенларнинг рангини, чўткачаларнинг қалинлигини ўзгартириш каби имкониятлари бор. Булардан ташқари, юз шаклини ҳам ўзгартирса бўлади: илова ёрдамида иякни нозиклаштириш, бурунча шаклини яхшилаш ва визуал озиш мумкин.

Perfect365 дастурини Apple қурилмалари фойдаланувчилари ушбу ҳавола ёрдамида, Android тизимидаги девайслар соҳибалари эса мана бу ҳавола орқали юклаб оладилар.

3. InstaBeauty

InstaBeauty – фото ва видеотасвирдаги ташқи кўринишни яхшиловчи профессионал селфи-камера. Унда макияжнинг 50 та услуби, юздан ортиқ фильтрлар бор. Шулар ёрдамида ўз чеҳрангизнинг янада гўзал талқинини чиқарасиз.

iOS-қурилмалар учун ушбу иловани мана бу, Android-гаджетлар учун эса мана бу ҳаволалар орқали ўрнатиб олиш мумкин.

4. MakeupPlus

Бу иловада аниқ бренд маҳсулоти бўлмиш пардоз-андоз маҳсулотларини ҳамда макияж усулларини синаб кўриш мумкин. Унда етакчи визажистлар тақдим этган намуналар асосида яратилган фильтрлар ва ҳатто ўргатувчи видеороликлар ҳам бор.

MakeupPlus иловасини iPhone ҳамда iPad эгалари ушбу ҳавола, Android базасида ишловчи гаджетлар соҳибалари эса мана бу ҳавола ёрдамида ўрнатиб олсалар бўлади.

5. YouCam Makeup

Битта макияжда бир нечта рангларни ўзаро уйғунлаштириб қўллаш учун кенг имкониятлар тақдим этувчи илова. Лаббўёқнинг бир неча тусини аралаштириш, тенларнинг қоришмасидан бетакрор тус яратишга эришиш – буларнинг барчасини YouCam Makeup орқали уддалайсиз. У ажойиб селфи учун юздаги камчиликларни яшириши ва бирор мавзуга мос макияж вариантларини таклиф этиши мумкин.

Бу иловани iOS тизимидаги қурилмалар учун мана бу, Android-девайслар учун эса мана бу ҳаволалар орқали кўчириб олиб ўрнатиш имкони мавжуд.

6. Face Warp

Бу мобил дастур юзнинг қисмларини каттайтириш ва ихчамлаштириш имконини беради. Бунинг учун қиёфани йирик планда суратга олиш кифоя. Илованинг ўзи юз чегараларини таниб олади, кўз, бурун ва лаб чегараларини аниқлайди.

Face Warp иловаси фақат Android тизимида ишловчи смартфон ва планшетлар учун тақдим этилган бўлиб, уни мана бу ҳавола ёрдамида ўрнатиб олиш мумкин.

7. Пластик жарроҳлик усуллари Lite

Ушбу илова пластик жарроҳлик симулятори бўлиб, юз қисмларининг гўёки пластик операция натижасида тўғирланган вариантларини тақдим этади. Фотосуратларни ижтимоий тармоққа жойлашдан олдин мазкур дастур ёрдамида юздаги камчиликларни осонгина тўғирлаб юбориш мумкин.

У фақат iPhone ҳамда iPad соҳибалари учун ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ҳавола орқали ўрнатилади.

8. FaceFusion

Бу илованинг функциялари сал ўзгачароқ, аммо қизиқарли. У иккита турли қиёфани ўзаро бирлаштириб, янги чеҳра ҳосил қилади. Ўз чеҳрангизни бирор машҳур шахснинг юзи билан «чатиштириб», натижасини кўришингиз мумкин. Уёғи ўзингизга боғлиқ – бу «қўшма» қиёфани ижтимоий тармоқларга жойлайсизми, ёки бирор дўстингизнинг юзини шунақа қайта ишлаб, ўзига жўнатасизми...

Хуллас, FaceFusion дастурини iOS-гаджетларга мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олсангиз бўлади.

9. Visage Lab

Visage Lab дастури фотосуратда чеҳрангизни имкон қадар гўзаллаштириб беради. У тишларни оқартиради, юзнинг кўринишини соғломлаштиради.

Ушбу иловани iPhone ва iPad соҳибалари мана бу, Android тизимидаги смартфон ва планшетлар фойдаланувчилари эса мана бу ҳаволалар ёрдамида кўчириб олишлари мумкин.

10. FaceApp

Бу – аллақачон классикага айланиб бўлган илова. FaceApp юзни ёшартиради ва кексайтиради, табассумли вариантини чиқариб беради... У ҳатто кишининг қарама-қарши жинс вакили сифатидаги қиёфасини ҳам яратиб бера олади.

Мазкур дастурни ўрнатиб олиш учун iTunes’га мана бу, Google Play’га эса мана бу ҳаволалар орқали ўтиш лозим.

11. Spring

Ушбу илова юзни эмас, балки қоматни суратда яхшироқ чиқаришга хизмат қилади. Spring қоматни бутунлигича ёки унинг айрим қисмларини чўзади; расмдаги бош ўлчамини катталаштиради ва кичрайтиради.

Бу илова фақатгина iOS операцион тизими бошқаруви остидаги қурилмалар учун ишлаб чиқилган, уни мана бу ҳавола орқали юклаб олиш имкони бор.

Шунингдек, аёллар учун энг зўр Telegram-каналлар тўпламига ҳам назар солишингизни тавсия этамиз.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.