Бармоқ изи ва қиёфа сканерини унутинг, Samsung янги сканерни кашф қилди!

Бармоқ изи ва қиёфа сканерини унутинг, Samsung янги сканерни кашф қилди!

У ёки бу смартфон моделининг технологик жиҳатлари солиштириб кўрилганида кўпчилик унинг тезкор ёки доимий хотираси, камера мегапикселлари ёки камера модулларига диққат қилади. Бироқ, бугун ромдан холи бўлиб бораётган смартфонларнинг яна бир ўзига хос жиҳати бор -- бу уларнинг кенгайиб бораётган экран имкониятлари. Apple ромсиз гаджетда илк маротаба бармоқ изи сканеридан воз кечган бренд бўлди.

Samsung ҳам инновацион компания сифатида мазкур мусобақада ўзининг технологик ечимлари билан иштирок этмоқда. Унинг янги таклифига кўра энди смартфонда на кўз, на бармоқ сканерига ҳожат йўқ. Смартфонни юз-қиёфа ёрдамида ҳам блокировкадан чиқариш талаб қилинмайди. Бунинг учун кафтдан фойдаланилади.

Компания рўйхатдан ўтказган янги патентга кўра, смартфондаги бош камера кафтни ҳамда ундаги чизиқларни сканерлаб, сўнг фойдаланувчига эслаши осон бўлиши учун экранга рамзли паролни чиқаради. Фойдаланувчи эса ўзига таниш рамзли паролни чизади ва тизимга киради.

Экспертларнинг фикрича, ҳозирча бу технологиянинг самарали ҳамда хавфсиз бўлиши тўғрисида бирор нима дейиш қийин. Samsung эса тўхтаб қолгани йўқ. Унинг илғор таклифини кутиб қоламиз.