Барселонада тақдим этиладиган Xiaomi Mi 6X'нинг нархи ва жиҳатлари

Барселонада тақдим этиладиган Xiaomi Mi 6X'нинг нархи ва жиҳатлари

Кеча хитойлик инсайдерлар томонидан интернет тармоғида янги -- Xiaomi Mi 6X смартфон моделининг суратлари эълон қилинди. Мазкур модел Хитойдан ташқарида Mi A2 номи билан сотувга чиқарилади. Бу телефонлар бир-бирларидан операцион тизимлари билан фарқ қилади. Хитой талқини MIUI 9, халқаро талқин Google ишлаб чиққан «тоза» Android Oreo'да ишлайди.

Weibo ижтимоий тармоғида эълон қилинган Xiaomi Mi 6X смартфонининг сурати орқали бу модел билан тўлиқ танишиш мумкин бўлди.

Суратлардан кўриниб турибдики, мобил қурилма "ромсиз экран" услубида ишлаб чиқилган ва унинг томонлар нисбати 18:9 стандартида. Корпус ва экран атрофи мақбул услубда маҳорат билан ишланган. Шу билан бирга, орқа панелдаги қўш камера ҳам диққатни тортади.

Xiaomi Mi 6X тўлиқ металл корпусли ва орқа панелда бармоқ изи сканери учун ҳам ўрин мавжуд. Компания ҳозирча смартфонга ўз логотипини туширмагани ҳам кўриниб турибди. Боиси, смартфон ҳали оммавий ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган.

Ҳозирча аниқланган маълумотларга кўра, ромсиз Xiaomi Mi 6X юқори сифатли сурат олувчи қўш сенсорли бош камера, USB Type-C порти ҳамда 3,5 мм.ли қадрдон аудио туйнукка эга бўлади. Том қисмидаги туйнукларга қараганда, телефонда ИҚ-порт бўлади ва унинг ёрдамида уйдаги бошқа воситаларни бошқариш мумкин.

5,7 ёки 5,9 дюймли IPS матрицали ҳамда Full HD+ сиғимли экранга эга бўлиши кутилаётган смартфон платформаси 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 660 процессори, 4 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотирадан иборат бўлади.

Xiaomi Mi 6X 26 февралдан 1 мартга қадар Барселонада ўтказиладиган MWC 2018 Жаҳон мобил анжуманида тақдим этилади. Смартфоннинг $250 доллар баҳосида сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!