Батареяси бақувват смартфонлар

  •   DiMaX
  •  6715
  •  08.02.2017 12:22

Батареяси бақувват смартфонлар

Телефонга қўйиладиган талаблардан бири (айниқса бизнинг шароитда) – бу, албатта, батареясининг қуввати кўпроқ вақтга етишидир. Яхшиямки, технологиялар ривожланиб бормоқда ва ишлаб чиқарувчилар юпқа корпус остига ҳам кўп қувват сақлайдиган аккумуляторлар ўрнатишни ўрганиб олишган. Эндиликда 3000 мА/с сиғимли батареялар ўрта ва юқори сегментдаги смартфонлар учун унчалик ҳам катта кўрсаткич бўлмай қолган.

4pda.ru сайти шу йўналишдаги етакчилар – аккумулятори 4000 мА/с ва ундан юқори бўлган смартфонлар рўйхатини тақдим этган.

Meizu M5 Note

 Meizu M5 Note ажойиб хусусиятлари билан фойдаланувчиларни ўзига ром этади: катта бурчак остида ҳам қараш мумкин бўлган ва Full HD-сифатда кўрсатадиган 5,5-дюйм ўлчамли IPS-экрани; MediaTek Helio P10 процессори, 3 ёки 4 ГБ тезкор хотираси, кенгаювчи ички хотираси, LTE стандартини қўллаб-қувватлаши – хулласи калом, шундай параметрларга мос сиғимдор батарея бўлмаса ҳам бўлмасди-да! Ҳа, 4000 мА/с сиғимли аккумулятори смартфоннинг алоқа модуллари фаол ҳолатида бир-бир ярим кун давомида ишлашига имкон беради. Унинг ўз жамланмасидаги қувватлаш қурилмаси эса сарфланган фоизлар ўрнини тезда тўлдириб бера олади. Дарвоқе, меҳнат таътилига чиқаётиб, Meizu M5 Note’ни бемалол иш столингизнинг тортмасига ташлаб кетишингиз мумкин – икки ҳафтадан сўнг келиб, жавобсиз қўнғироқларни кўздан кечираверасиз. Ахир, бу вақт оралиғида батарея қувватининг катта қисмини йўқотади, аммо қурилма ўчиб қолмайди.

LeEco Le Pro 3

Мазкур рўйхатимизда ушбу гаджет ҳам энг зўр смартфонлар орасида фахр билан ўрин эгаллаб турибди. Qualcomm Snapdragon 821 процессори ва 4 ёки 6 ГБ тезкор хотираси эвазига унинг ишлаш тезлиги катта. 5,5-дюймли Full HD-экран ортида жойлашган 4070 мА/с қувват сиғимига эга батареясини эса USB Type-C порти орқали тезда тўлдириш мумкин. Android 6.0 Marshmallow операцион тизими қурилманинг энергия сарфини қўшимча тарзда оптималлаштиришга ёрдам беради. LeEco Le Pro 3 орқали узлуксиз интернетда ўтириб, мессенжерлар орқали 6-7 соатлаб мулоқот қилиш мумкин. Гарчи ҳар куни қувватлантиришга тўғри келса-да, бу хусусиятлар кўпчилик фойдаланувчиларни бемалол қониқтиради.

Xiaomi Redmi Note 4

Арзон нархлари ва ажойиб параметрлари билан бозорларни забт этаётган ушбу компания маҳсулотлари ҳар жиҳатдан, жумладан, аккумулятор қуввати бўйича ҳам ўзини оқлайди. Xiaomi Redmi Note 4 моделига эътибор қаратиш учун сабаблардан бири – ишлаб чиқарувчининг аксарият қурилмаларида ишлатиладиган 4100 мА/с сиғимли анъанавий батареясидир. 5,5-дюймли Full HD-экрани ва бошқа бақувват қисмларининг бемалол ишлаши ҳолатида ҳам смартфон аккумулятори бир суткадан ошиқ вақтга туриб бера олади. Энг юқори ёрқинлик режимида ҳам унда салкам 12 соат давомида узлуксиз видео кўриш мумкин. Буларнинг бари қурилмадаги оптималлаштирилган, ядролар фаоллигини бошқариш тизимига эга Helio X20 от MediaTek процессори шарофати билан амалга оширилади.

ZUK Z1

 Бу гаджет бирмунча эски русумдаги, аммо барибир ўз ўрнига эга ва ишлаш тезлиги кучли Qualcomm Snapdragon 801 чипсетига ҳамда 3 ГБ тезкор хотирага эга. 5,5 дюймли Full HD-экрани кўп қувват талаб қилса-да, смартфон батареянинг қувватини тежаб ишлата олиши билан эътиборга лойиқ. Гарчи сиғими 4100 мА/с бўлса-да, автоном ишлаши бўйича у Xiaomi ва Meizu маҳсулотларидан қолишмайди. Синовларда аниқланишича, кучли ёрқинлик даражасида узлуксиз Full HD сифатли видео кўрганда ҳам батареяси 12 соатдан ошиқ вақтга чидаб беради. Ўйинлар ўйнаганда эса унинг қуввати беш соатга етади. Аралаш режимда – мобил интернет, навигация ва камерадан фаол фойдаланганда ҳам смартфонни икки кун давомида бемалол қувватлантирмасдан ишлатиш мумкин.

Ulefone Tiger

Гарчи юқорида санаб ўтилган «юртдош»лари – Хитой телефонлари каби ҳар томонлама юқори характеристикалари билан мақтана олмаса-да, Ulefone Tiger – номига муносиб қурилма. Мустаҳкам металл корпус билан ҳимояланган смартфоннинг 5,5 дюймли, катта аниқликка эга экрани ва MediaTek MT6737 процессори бор. Ичидаги 4200 мА/с сиғимга эга батарея бўлса смартфондан 3G тармоқларда фаол фойдаланишда тўлиқ иш куни мобайнида, кутиш режимида эса бир неча ҳафта давомида ўчиб қолмаслигини кафолатлайди.

Vphone M3

Vphone M3 кўпроқ экстремал ҳордиқ чиқариш ишқибозларига мос келади. Унинг IP68 стандарти бўйича ҳимояланган корпуси остида 4500 мА/с сиғимли батарея жойлашган. 5 дюймли экрани эвазига корпус нисбатан камтарроқ ўлчамларини сақлаб қолган. Кутиш режимида 10 кундан ошиқ муддатга бу смартфоннинг қуввати тугаб қолмайди, сўзлашув режимида эса – 15 соат. Автоном тарзда узоқ ишлаш бўйича афзаллигидан ташқари, Vphone M3 моделида пульсометр ва аудиометр функциялари ҳам мавжуд. Иккита SIM-карта қўйиш мумкинлиги ва қўллаб-қувватланадиган мобил алоқа частоталар диапазони кенглиги билан қурилма ҳар қандай жойда ҳам алоқани таъминлаб тура олади.

ZTE Blade A2 Plus

ZTE компанияси Blade A2 Plus смартфонининг 9,8 мм қалинликдаги корпуси остидаги батареяси нақ 4900 мА/с сиғимга эга. Смартфон кутиш режимида салкам уч ҳафта, 3G тармоқларда сўзлашувда эса 22 соат давомида қувватлантиришсиз ишлай олади. Компаниянинг таъкидлашича, гаджетнинг аккумулятори аралаш режимда уч кун ёки видео кўриш режимида 12 соатга етади. Унга саккиз ядроли MediaTek MT6750T процессори ўрнатилган, олд юзасининг катта қисмини эса 5,5 дюймли Full HD-экран эгаллаган.

ASUS ZenFone Max

Тез ишлаши бўйича етакчи бўлмаса-да, бу смартфоннинг Qualcomm Snapdragon 410 процессори ва 2 ГБ тезкор хотираси ҳам фойдаланувчилар учун узоқ муддатли веб-сёрфинг, ижтимоий тармоқларда мулоқот учун етарлича имконият тақдим этади. Металл эмас, балки пластикадан фойдаланилгани учун ҳам ASUS ZenFone Max корпуси бирмунча қалин – 10,55 мм. Энди, шунақа қалин корпусга эга қурилмага катта сиғимли батарея ўрнатмаса ҳам ҳайф бўларди-да, нима дедингиз? Ҳа, нақ 5000 мА/с сиғимли аккумулятори гаджетнинг шу сегментдаги аксарият рақобатчилари олдида яққол устунлигини таъминлаган. Ахир, кутиш режимида 38 кун, узлуксиз сўзлашувда эса бир ярим кун мобайнида ишлашга яна қайси смартфон батареяси туриб бера олади!? Лекин буям ҳали ҳаммаси эмас – ZenFone Max’дан бошқа қурилмаларни қувватлантирувчи заряд сақлагич сифатида ҳам фойдаланса бўлади! Яна LTE тармоғида ишлай олишини ҳам инобатга олсак, сиғимдор батареянинг аҳамияти янада юқори эканини пайқаш қийин эмас.

Blackview BV6000S

Ушбу қурилманинг олд юзасига унинг ҳимоя стандартини акс эттирувчи «IP68» ёзуви фахр билан ёзиб қўйилгани бекор эмас. Смартфонни синовларда сувга чўктириб кўришган, юқоридан ташлаб кўришган, ҳатто ёндиришга ҳам уринишган, аммо буларнинг бирортаси унинг иш фаолиятига асло салбий таъсир кўрсата олмаган! Албатта, бунақа бақувват, чидамли қурилманинг аккумулятори ҳам бошқа параметрларига мос – 5000 мА/с. Ҳимояланган корпус остига яширилган бу аккумулятор гаджетнинг турли режимларда узоқ вақт ишлашини таъминлашдан ташқари, тезда қувват олади ҳам. 4,7 дюймли HD-экран ва MediaTek MT6735A процессори ҳам Blackview BV6000S’нинг битта қувватлантириш билан кўп вақт бемалол ишлашини таъминлайди.

Nomu S10

Ташқи ҳимояси кучли ва катта сиғимли аккумуляторга эга смартфонлардан яна бири. Умуман олганда, «экстремал» гаджетлар учун сиғимдор батарея – ўта муҳим таркибий қисмдир; ахир, чексиз саҳро ўртасида ёки тоғнинг тепасида бўлсангиз, телефонингиз зарбадан ва намликдан ҳимояланган бўлса-ю, лекин заряди тугаб қолаверса, ундан нима наф!? Nomu S10 моделига 5 дюймли, 1280х720 пикселли сифатли IGZO-панель ўрнатилган. Тўрт ядроли MT6737T процессори ва 2 ГБ тезкор хотираси, яна 5000 мА/с сиғимли аккумулятори бор. У 11,5 соат давомида энг юқори ёрқинликда видео кўришга етарли. Ўзининг жамланмасидаги адаптери орқали смартфоннинг батареясини икки соатга яқин вақтда тўлдириш мумкин, лекин бу кўрсаткични нисбатан кучлироқ бошқа қувватлагич билан пасайтириш мумкин. Лекин турли вазиятларда бу смартфонни сўзлашув режимида бир ярим кун, кутиш режимида эса 24 кун мобайнида қувватлантирмасдан ишлатишингиз имкони мавжуд.

Doogee T6 Pro

Корпуси оқ ёки қора пластикдан ишланган, бир қараганда кўримсизгина Doogee T6 Pro ичига унча-мунчани йўлда қолдирадиган 6250 мА/с сиғимли батарея ўрнатилган. Нисбатан янги MediaTek MT6753 процессори ва MediaTek Pump Express Plus технологияси эвазига батарея атиги икки соатда тўла қувватланиб улгуради. Лекин шу қуввати билан у кутиш режимида 39 кун, 3G тармоғидаги мулоқотда 40 соат, аралаш режимда эса уч кун ишлаб беради! Синовларда аниқланишича, экраннинг энг юксак ёрқинлик даражасида қурилма 20 соату 37 дақиқа видео кўрсата олган. Бир соатлик Real Racing 3 ўйинида эса унинг қуввати атиги 15% камайган. Дарвоқе, видео ва ўйинлар учун бу қурилманинг 5,5 дюймлик HD-экрани жуда қулай.

HomTom HT6

Гарчи бу қурилма тезкорлиги билан эътиборни торта олмаса-да, одатий сўзлашувлар ва кундалик зарурий иловалардан фойдаланишга жуда қулай. Ишлаб чиқарувчилар унга нақ 6250 мА/с сиғимли батарея ўрнатишганлиги ҳам смартфоннинг «иш учун» яратилганлигидан далолат. Ахир, у ўртача ишлатилганда етти кунга, узлуксиз сўзлашув режимида эса уч кунга чидайди! MediaTek технологиялари туфайли унинг батареяси атиги 30 дақиқада 75% гача қувват олади. Бошқа параметрлари билан бирга, унинг 5,5 дюймли, 1280х720 пикселли ва Gorilla Glass ойнаси билан ҳимояланган дисплейини ҳам таъкидлаб ўтсак арзийди. Android 5.1 Lollipop операцион тизимида ишлайдиган мазкур қурилма 4G стандартини қўллаб-қувватлайди ва унга қўшимча хотира картаси қўйиш мумкин.

Oukitel K10000

Ниҳоят, рўйхатимиз етакчиси – 10000 мА/с сиғимли батареяга эга смартфон! Бунқалик бақувват аккумуляторни жойлаштириш учун ҳам Oukitel K10000 моделининг мустаҳкам корпусини 13,8 мм қалинликда қилишгандир балки. Батареяни нолдан бошлаб тўлиқ қувватлантириш учун «атиги» 3 соату 47 дақиқа вақт кетади. Аммо унда экраннинг энг юқори ёрқинлиги режимида деярли 21,5 соат видео кўриш мумкин. Смартфонда бир соат ўйин ўйнаган тақдирда ҳам батареянинг атиги 3% қуввати кетади. 1280х720 пикселли экранининг ўлчами диагоналига 5,5 дюйм. Қурилманинг яхши ишлашини MediaTek MT6735P чипи таъминлаб беради. Бир сўз билан айтганда, гаджетнинг ташқи кўриниши ҳам чакки эмас: бурчакларга бой дизайн, ён томонидаги тугмачалари бўртиб турганлиги эса уни бошқаришда қулайлик яратади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!