Белоруссия IT-саноатини ривожлантирган 3 омил нима эди?

Белоруссия IT-саноатини ривожлантирган 3 омил нима эди?

Белоруссия Юқори технологиялар парки 2005 йилда асос солинган. Унинг бош мақсади дастурий таъминот ва ахборот технологиялари ишлаб чиқарувчиларига мақбул шароит яратишдан иборат. Бугунги кунда унга 173 компания аъзо бўлган. Улар 2020 йилга қадар солиқлардан озод қилинган. Бу ерда фаолият олиб бораётган ходимлар даромадларидан 9% ини солиққа тўлайдилар. Мазкур компаниялар ишлаб чиқарган 91,5% маҳсулотлар экспорт қилинади. Улар яратган мобил иловалардан айни пайтда 193 мамлакатда, 900 миллион нафар одам фойдаланади. Ушбу компаниялар жаҳоннинг 66 та йирик компаниялари билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйганлар. 2016 йилда Белоруссия Юқори технологиялар парки 820,6 млн долларлик маҳсулот ва хизматларни экспорт қилган. Бу мамлакатнинг жами йиллик экспортининг 12% ини ташкил қилади.

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Белоруссия Юқори технологиялар парки асосчиси Валерий Цепкало иштирокида шу йилнинг 4 декабрида махсус семинар ташкил қилинди. Унда давлат органларининг масъул ходимлари қатнашдилар.

Валерий Цепкало — белоруссиялик дипломат ва давлат бошқармаси ходими, Белоруссия Юқори технологиялар парки асосчиси. У Москва давлат институтининг Халқаро муносабатлар факултетини тамомлаган, юридик фанлари номзоди. Валерий Цепкало 1997 йилдан 2002 йилга қадар Беларуссиянинг АҚШ ва Мексикадаги элчиси лавозимида фаолият олиб борган. У 2005 йилдан 2017 йилга қадар Белоруссия Юқори технологиялар парки директори вазифасида ишлаган.

Жаноб Цепкало Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда БМТ нинг "Тараққиёт" дастури амалга ошираётган "Самарали давлат бошқаруви ва рақамли ўтишни ривожлантиришда ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги 8 кунлик ташрифини амалга оширмоқда.

Валерий Цепкало мамлакатимизда иқтисодиётнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган юқори технологиялар соҳасининг ривожи билан танишди. Жумладан, меҳмон АКТ хизматлари кўрсатувчи ва маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Беларуссиялик эксперт давлат органлари ходимлари билан учрашувда "электрон ҳукумат" ва инновацион иқтисодиётнинг афзалликлари хусусида маълум қилди.

Хусусан, Валерий Цепкалонинг таъкидлашича, яқиндагина Ўзбекистонда ташкил қилинган Инновацион ривожланиш вазирлиги иқтисодиёт ва ҳаётнинг жабҳаларига янги инновацияларни татбиқ қилиш билан шуғулланиши керак. Шунингдек, эксперт «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация маркази мобил иловалар ҳамда бошқа турдаги дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратиши лозим.

Белоруссия Юқори технологиялар парки тажрибаси хусусида тўхталар экан, Валерий Цепкало бу паркнинг муваффақиятида 3 омил муҳим ўрин эгаллаганини алоҳида қайд этади. Булар -- таълим, таълим ва яна таълим! Унинг фикрича, Белоруссия Юқори технологиялар парки резидентлари, яъни аъзолари етакчи мутахассислар иштирокидаги турли-туман тренинг ва машғулотларни ташкил қилиш, АКТ га ихтисослашган билим даргоҳларини қўллаб-қувватлаш орқали таълим ва янги илмий йўналишлар ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!