8К экранли Sharp телевизори тақдим қилинди: жиҳат ва нарх-наво

8К экранли Sharp телевизори тақдим қилинди: жиҳат ва нарх-наво

Айни пайтда давом этаётган жадал технологик тараққиёт ишлаб чиқарувчиларни анча олдинга олиб кетиб қолди. Истеъмолчилар эса анча орқада юришибди. Мисол учун, телевизорлар борасида -- ҳали 4K-телевизорлар оммалашиб улгурмасидан қатор компаниялар 8K сиғимли экранга эга телевизорларини тақдим этишган.

Дисплейлари билан машҳур Sharp компанияси Берлинда  ўзининг энг янги ишланмасини тақдим қилди: 70 дюймли Aquos 8K телевизори. Унинг пиксел сиғими 8K (7680 x 4320), яъни бизга яхши таниш бўлган  Full HD (1920 x 1080) сиғимли экранга эга телевизорлардан 16 баробар пикселга бойроқ. Sharp бу экранга "оддий кўз билан кўриш имконсиз деталлар акс этувчи ниҳоясиз реаллик" деб нисбат бермоқда.

Пиксел шу қадар кўп бўлиши мумкинми?

Технологик жиҳатдан бир жиҳатни қайд этиш жоизки, маълум бир меъёрдан сўнг экрандаги пикселларнинг сони чекланади. Боиси, бу меъёрдан сўнг пикселлар масофадан қараганда сезилмайди ҳам. Бу дегани сиз тасвирни 8K экранда яқиндан кўрсангизгина ундаги ранг-баранг ва бой деталларга гувоҳ бўласиз.    

Янги телевизор экранида тасвир ётиғига ҳам, тиккасига ҳам 176 градус бурчак остида узатилади. Шунингдек, AQUOS телевизори Rich Color Technology Pro деб но олган сифатли ранг узатиш, контрастни динамик оширувчи Mega Contrast технологияларини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Бу экранга мос контент борми?

8K-HDR экраннинг борлиги -- бу сиғимдаги видеони кўриш имкони бор, дегани эмас. Тўғри, Японияда бу катта муаммо эмас. Боиси, 2016 йилда Япониянинг NHK жамоат телекомпанияси жаҳонда биринчилардан бўлиб мунтаам равишда сунъий йўлдош тизими орқали 8K сиғимли дастурларни олиб узатишни йўлга қўйган. Sharp компанияси ҳам 8К сиғимли телемаҳсулотларни, жумладан процессор, ресивер, камкордер ва камераларни ишлаб чиқармоқда.

Нарх-наво

Жорий йилнинг март ойида Американинг Dell компанияси 8K пиксел сиғимли жаҳондаги илк — 31,5 дюймли Dell UltraSharp UP3218 моделидаги мониторини 5000 АҚШ долларидан сотувга чиқарган эди.

Sharp ўзининг 70 дюймли 8K телевизорини Европада кейинги йилнинг мартидан бошлаб 9000 доллардан, 85 дюймли телевизорни 10 минг  доллардан сотишни режа қилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!