Беш камерали илк смартфон – Nokia X яна бир хусусияти билан дунёда тенгсиз

  •   DiMaX
  •  4232
  •  22.01.2018 11:16

Беш камерали илк смартфон – Nokia X яна бир хусусияти билан дунёда тенгсиз

Ҳар бир смартфонсоз бутун дунёни нимаси биландир лол қолтиришни истайди. Samsung компанияси энг янги технологияларга кўпроқ урғу берса, Apple ўз дастурий таъминотини илгари суради, Xiaomi ҳамёнбоплигига эътибор беради ва ҳоказо. Ўтган йили Nokia брендини «тирилтирган» HMD Global компанияси эса ўзининг навбатдаги смартфонини умуман ўзгача бир жиҳатга кўра бетакрор қилиб чиқармоқда.

ЎҚИНГ: MWC 2018 кўргазмасида «Nokia X» намойиш этиладими?

Куни кеча PhoneArena ресурси тарқатган хабарга кўра, HMD Global тайёрлаётган флагман Nokia X деб номланади ва у нақ бешта камерага эга дунёдаги илк смартфон бўлади. Мазкур маълумотни Foxconn компанияси ходимларидан бири тақдим этган.

Унга кўра, HMD Global компанияси Nokia X номли инқилобий смартфон устидаги ишларини якунлаган. Унинг асосий хусусияти – камераси биратўла бешта объективни ўз ичига олган. Бунгача маълум бўлган энг кўп объективга эга смартфон Huawei маҳсулоти бўлиб, у ҳам ҳали энди тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Қўшалоқ камера нимаси!? Учта модулга эга 40 МП камерали смартфонни қарши оламиз!

Nokia X ҳозирда бозорда таклиф этилаётган энг илғор техник таъминотга эга, саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 845 процессори ҳамда 8 гигабайтлик тезкор хотира билан жиҳозланган. Бундан ташқари, қўшалоқ фоточақноқ шарофати билан мазкур телефон тунда ҳам ажойиб фото ва видео суратга ола билади.

Шунингдек, Nokia X яна бир жиҳати билан ҳам бетакрордир – у 360 даражали видеороликлар суратга олиш қобилиятига эга. Ҳозирча бозордаги бирорта ҳам смартфон бунга қодир эмаслигини ҳисобга олсак, HMD Global компаниясининг янги флагмани айни шу «фишка»си билан ҳам дунёни лол қолдиради.

ЎҚИНГ: Панорамали 360-видео қанақа бўлади?

Компания мазкур смартфонини февралнинг охирида бўлиб ўтадиган MWC 2018 кўргазмасида намойиш этиши мумкин, аммо бу бироз мушкул. Зеро, Nokia X ҳозирча фақат прототип тарзидагина тайёрланган, уни эса ҳали бир неча ҳафта мобайнида синовдан ўтказиш талаб этилади.

Таъкидлаб ўтиш керакки, инсайдерлар Nokia X деб атаётган мазкур флагман бошқа ном билан тақдим этилиши ҳам мумкин. Чунки мазкур бренд 2014 йилнинг февралида ҳам айнан Nokia X русумли телефон тақдим этган.

ЎҚИНГ: Қай бирини олсам экан: Xiaomi Mi A1 ёки Nokia 6 (2018)?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.