«Best Soft Challenge» илғор IT-ғояларни мукофотлайди

«Best Soft Challenge» илғор IT-ғояларни мукофотлайди

Жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги юртимиз ёшлари ўртасида «Best Soft Challenge-2017» – энг яхши дастурий таъминот воситалари танловига старт берди.

Танлов мақсади дастурий таъминот соҳасида ёш дастурчиларни рағбатлантириш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқариш ва саноатга жорий қилиш, дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришдан иборат.

2013 йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган танловда олий таълим муассасаларининг талабалари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари, 25 ёшгача бўлган хоҳлага юртдошларимизнинг иштирокида ўтказилади. Танлов ўқувчи-талабаларнинг бўш вақтларини мақсадли сарфланишига хизмат қилади.

Жорий йилда 3 та йўналишда 3 тадан энг яхши IT-таклифлар аниқланади: 

  • «Ақлли шаҳар»
  • Компьютер ва мобил ўйинлар
  • Савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича энг яхши лойиҳалар.

Шунингдек, танловга “АКТ йўналишида энг илғор ғоя” махсус номинацияси ҳам жорий қилинган.

Мазкур номинациялар бугунги дастурий таъминот воситалари бозоридаги энг сўнгги тенденциялар асосида саралаб олинган. Мисол учун, бугун мамлакатимизда шаҳарлар ва бино ва тузилмаларда хавфсизликни таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан “ақлли шаҳар” тизимини яратиш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ўринда умумий хавфсизлик, мониторинг ва назорат, маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва сақлаш, фавқулодда ҳолатларда тезкор хабар бериш тизимларини яратиш, виртуал туризм, шунингдек “ақлли дўкон”, интерактив тамаддихона, “ақлли офис” каби замонавий дастур ва ишланмаларни яратиш муҳим ҳисобланади. Буларни эса ўзимизнинг кадрлар, мутахассислар яратгани мақсадга мувофиқ.

Танлов 2017 йилнинг 4 августидан 10 ноябрига қадар 3 босқичда ташкил қилинади. 

1-босқич: 4 августдан 16 октябргача – иштирокчилар рўйхатга олинади;

2-босқич: 18-27 октябрь – дастлабки саралаш босқичи (финал ғолибларини аниқлаш).

3-босқич: 1-10 ноябрь – якуний саралаш танловлари (ғолибларни аниқлаш).

Танловда 3 кишидан иборат гуруҳлар қатнашишлари мумкин.

Индивидуал ва гуруҳли иштирокчилар фақат бир номинацияда иштирок эта оладилар (қайта иштирок этиш мумкин эмас).

Иштирокчиларни рўйхатга олиш ва ишланмаларни тақдим этиш www.software.uz сайтида онлайн режимида амалга оширилади. 3-босқичда иштирок этиш истагида бўлган иштирокчилар ҳайъат аъзоларига ўз лойиҳаларини тақдим қиладилар.

Ишланма ва лойиҳаларни баҳолашда уларнинг долзарблиги, ғоянинг оригиналлиги, технологик ишланманинг афзалликлари, интерфейс ва фойдаланиш қулайлиги, дастурий таъминотдан эркин фойдаланиш, унинг очиқ кодли тизимда яратилганлигига эътибор қаратилади.

Долзарб лойиҳалар амалга татбиқ этиш учун тавсия қилинади. Ишланмалар учун барча муаллифлик ҳуқуқлари ишланма эгаларига тегишли ҳисобланади. Сизда ҳам илғор ғоя бўлса, дастурчилар билан ҳамкорликда танловда қатнашинг!