Биргина стартапнинг баҳоси $4,5 млрд долларга етди

Биргина стартапнинг баҳоси $4,5 млрд долларга етди


"Сунъий ақл" технологиясини ривожлантиришга бағишланган SenseTime стартапига яна $600 млн доллар маблағ тикилди. Натижада Хитойда "ақлли" технологияларни ривожлантириш билан шуғулланаётган мазкур компаниянинг баҳоси $4,5 млрд доллардан ошган. Бу тўғрида TechCrunch нашри хабар бермоқда.

Компания раҳбари Ли Сюнинг маълум қилишича, тўпланган маблағ SenseTime ишлаб чиқараётган технологияларни Хитойдан ташқарида ҳам оммалаштиришга йўналтирилади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш соҳасида ҳам сунъий идрок технологияларини жорий қилишга эътибор қаратилади. Компания лойиҳа учун нафақат рекорд даражадаги сармоя тўплади, шунингдек Alibaba каби ишончли сармоядорни ҳам жалб қила олди.

Bloomberg тарқатган маълумотга кўра, қиймати $429 млрд доллар бўлган онлайн-савдо гиганти SenseTime компаниясининг энг йирик сармоядори бўлган.

«SenseTime "сунъий ақл" технологиясини ривожлантириш йўналишида айни пайтда чинакам новаторга айланган. Мутахассисларнинг тадқиқотлари бизда ҳам қизиқиш уйғотди. Биз аллақачон фойда олишни бошладик ва ҳамкорлик янада ривожланмоқда», — дейди Alibaba вице-президенти Жо Цаи.

SenseTime компанияси айни пайтда турли соҳалар, жумладан иқтисодий технология, автомобилсозлик, смартфон ишлаб чиқариш, "ақлли шаҳар"лар қуриш каби йўналишларда нуфузли компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқда. Унинг бугунги кунда Honda, Nvidia, China UnionPay, Huawei, Oppo, Vivo ҳамда Xiaomi каби 400 дан зиёд мижозлари бор. Хитой ҳукумати ҳам компаниянинг ишланмаларини видео кузатув тизимлари, Хитой полициячилари тақадиган "ақлли кўзойнак"ларда татбиқ қилмоқда.

2014 йилда асос солинган SenseTime стартапи ўтган йилги ҳисоб-китобларга кўра $410 млн доллар даромад олган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!