Биринчи буклама смартфон – ZTE Axon M тақдим этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2411
  •  18.10.2017 11:19

Биринчи буклама смартфон – ZTE Axon M тақдим этилди! (+видео)

ZTE компанияси ўзгача форм-фактордаги – горизонтал тарзда букланувчи, иккита дисплейли илк смартфонни тақдим этди. Ёйилган ҳолатда бу қурилма планшетга айланади, дисплейлари эса битта катта экранга бирлашади.

Axon M деб номланувчи бу смартфон-трансформер иккита – ҳар бир панелида биттадан 5,2 дюймли, Full HD сифатли (1920х1080 пикселли) дисплейга эга. Уни икки томонгаям – экранларни ичкарида қолдириб ҳам, ташқарида қолдириб ҳам букласа бўлади. Очилган ҳолатида эса ундан диагонали 6,75 дюймли битта экранга эга планшет сифатида фойдаланилади.

Шунинг эвазига, ZTE Axon M девайсини тўртта режимда ишлатиш имкони мавжуд:

  1. Анъанавий – фойдаланувчи фақат битта дисплейни кўриб туради, худди оддий смартфондаги сингари унда қўнғироқ қилиши, экранда бирор нима ўқиши, томоша қилиши, ўйин ўйнаши мумкин.
  2. Параллел (Dual mode) – ҳар бир дисплейда алоҳида илова акс этади. Бир вақтнинг ўзида, масалан, фильм томоша қилиш ва электрон почтани текшириш имкони бўлади.
  3. Ёйилган (Extended) – иккита экран ягона дисплейга айланади, бу режимда фильм томоша қилиш, ўйинлар ўйнаш анча қулай. Бошқа функциялардан ҳам фойдаланиш мумкин, албатта.
  4. Кўзгусимон (Mirror) – ҳар икки экранда битта контент акс этади, бунда кўпчилик бир вақтнинг ўзида қурилманинг икки томонида ўтириб олиб, оммавий тарзда томоша қилиш қулай.

Мазкур режимлар орасида ўтиш учун ишоралардан фойдаланилади.

ZTE Axon M трансформери 20 мегапикселлик биттагина камерага эга. Унинг ўзини селфи учун ҳам қўллаш имкони мавжуд бўлгач, иккинчи камерага не ҳожат, тўғрими?

Смартфон ўлчамлари 150,8х71,6х12,1 миллиметрни, вазни эса 230 граммни ташкил этади. Аккумуляторининг сиғими 3180 мА/соатга тенг. Смартфон-планшетга Qualcomm’нинг ўтган йилги Snapdragon 821 процессори ва 4 ГБ тезкор хотира ўрнатилган. Ички флеш-хотираси ҳажми 64 гигабайтга тенг бўлиб, уни microSD форматидаги хотира картаси ёрдамида кенгайтириш имкони мавжуд.

Кўпчиликка маъқул келадиган жиҳати – Axon M моделида қулоқчин улаш учун 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам, замонавий USB Type-C порти ҳам мавжуд! Гаджетнинг «Уйга» тугмачасида бармоқ изи сканери жойлаштирилган. Қурилма Android 7.1.2 Nougat операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, ZTE Axon M тез орада Европа, Хитой, Япония ва АҚШ дўконларида савдога чиқарилади. АҚШда унинг нархи 725 доллар қилиб белгиланган.

Марҳамат, янги қурилма тақтимотидан тайёрланган видеолавҳани томоша қилиб завқ олинг:

Айтиш керакки, бошқа смартфонсозлар ҳам букланувчи қурилма тайёрлаш устида иш олиб боришмоқда, аммо хитойлик ZTE улардан ўзиб кетди. Samsung’нинг буклама смартфони ҳақидаги хабарлар шу йилнинг март ойида тарқала бошлаган. Сентябрда эса компания букилувчан смартфонни сертификатлаш бўйича Корея радиотадқиқотлар агентлигига патент аризасини топширган. Galaxy X деб аталаётган ушбу модел, нархи баландлиги боис, iPhone X’дан ҳам ноёб смартфон бўлади. Apple ҳам «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчигани учун бу борада LG Display компанияси билан ҳамкорликда иш бошлаган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!