Blackberry смартфон ишлаб чиқаришни тўхтатади

Blackberry смартфон ишлаб чиқаришни тўхтатади

Канаданинг Blackberry компанияси жаҳон смартфон бозорида ўз ўрнини топиш учун жуда кўп ҳаракат қилди. Ҳатто компания саноатда мустаҳкам ўрнашиш мақсадида қисман ўз операцион тизимидан чекиниб, Android дастурида ҳам қурилмалар тайёрлади. Бироқ юқоридагиларнинг барчаси фирманинг муваффақиятини таъминлашга етарли бўлмади. Куни кеча сўнгги чорак бўйича эълон қилинган молиявий натижалар Blackberry’нинг ҳолати барқарор эмаслигини тасдиқлади.

Гарчи компания расман смартфон ишлаб чиқарилишини тўхтатган бўлса-да, унинг ҳамкорлари бренд номи остида қурилмалар тайёрлашда давом этишади. Blackberry шу йилнинг бошидан эътиборан, аниқроғи Android платформасида ишлайдиган DTEK50 моделини (Alcatel Idol 4 асосида) намойиш қилгандан бери, мазкур стратегия бўйича қадам ташламоқда.

Ўтган сўнгги чорак ҳолатига кўра фирманинг даромади 334 млн долларни ташкил қилган бўлса, молиявий зарар 372 миллионга тенг бўлган. Шунга қарамай Blackberry раҳбари Джон Ченнинг айтишича, компания бу йилда дастур таъминоти ва сервислар ишлаб чиқадиган бўлимдан 30% ўсишни кутмоқда.

Ҳозирча Blackberry номи остида чиқадиган янги смартфонлар ҳақида маълумот берилмаган.