Bluetooth орқали уланган смартфон ё планшетни компьютер «кўрмаса» нима қиламиз?

Bluetooth орқали уланган смартфон ё планшетни компьютер «кўрмаса» нима қиламиз?

Мобил гаджетни компьютерга улаб, улар орасида файлларни ўтказиш ва бошқа амалларни бажаришнинг икки йўли оммалашган: USB-кабел ёрдамида ҳамда Bluetooth интерфейси орқали боғлаш. Лекин баъзида турли сабабларга кўра компьютер ўзига уланган қурилмани «танимай» қолиши ҳоллари учрайди.

USB-кабел орқали улангандаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича тавсияларни мана бу мақоламиздан кўриб олишингиз мумкин. Bluetooth-уланишда компьютер девайсни «кўрмаса», у ҳолда қуйидаги кўрсатмаларни худди шу тартиби бўйича бажариш сизга қўл келади. Биринчиси иш бермаса иккинчисига ўтасиз, унинг ҳам фойдаси бўлмаса – учинчисини қилиб кўрасиз ва ҳоказо.

1. Ҳар иккала қурилмада ҳам Bluetooth ёқилганлиги ҳамда созламаларида бошқа гаджетлар учун «кўринарли» режимда эканлигига ишонч ҳосил қилинг. ЭСЛАТМА: iOS операцион тизимли мобил девайсларда бу созламалар «Бошқарув нуқтаси» («Пункт управления»)даги AirDrop хизмати таркибига киради.

2. Улаш керак бўлган планшет ёки смартфонни компьютерга яқин жойлаштиринг ва сўнг яна боғлашга ҳаракат қилинг.

3. Компьютерни ва мобил қурилмани ўчириб-ёқинг, кейин қайтадан уриниб кўринг.

4. Агарда аввал ҳам айни шу қурилмаларни Bluetooth орқали ўзаро улаш ишларини муваффақиятли амалга оширган бўлсангиз, Bluetooth созламаларида сақланиб қолган мана шу боғланмани ўчириб ташланг. Шундан кейин қайтадан улаб кўринг.

5. Компьютердаги Bluetooth ишига жавобгар бўлган драйверларни янгилаб, яна бир бор уриниб кўринг.

6. Ҳар иккала гаджетдаги операцион тизимларни энг сўнгги фаол версиясигача янгиланг ва қайтадан боғлаб кўринг.

Улашнинг муқобил йўллари

Агарда мобил қурилмангизни USB-кабел орқали ҳам, Bluetooth интерфейси ёрдамида ҳам компьютерга улаш имкони бўлмаса, бунинг муқобил (альтернатив) усулларидан фойдаланиб кўринг.

 Масалан, компьютер ҳамда мобил гаджетлардаги файлларни интернет ёрдамида ўзаро алмаштиришга ёрдам берувчи сервислар мавжуд. Дейлик, AirDroid, Pushbullet сингари сервислар, шунингдек, Google Drive, OneDrive ёки Dropbox каби «булутли» сақлагичлар бунда жуда қўл келади. Агарда интернетга боғланишда муаммо бўлмаса, мана шу усуллардан фойдаланиб, файллар алмашиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.