Болалигингизнинг севимли ўйин консоли яна ҳаётга қайтмоқда

Болалигингизнинг севимли ўйин консоли яна ҳаётга қайтмоқда

Айни болалик-подшолик даври 90 йилларда ўтган ўқувчиларимиз ўша даврнинг асл хазинаси - Sega ўйин консолларидан бир марта бўлсада, баҳраманд бўлган бўлишлари керак. Mortal Kombat'нинг ҳалокатли жанг турнирлари, доимий сакраб, ҳалқалар териб юрувчи типратикан Sonic, кўча безориларининг адабини бериб қўйиш учун отланган азаматлар - Streets of Rage каби ўйинларни ўйнашни ким ҳам севмаган дейсиз. Болалигингизнинг унутилмас қисмига айланиб қолган ушбу консолни ишлаб чиқарувчи Sega компанияси соғинган мухлисларга ажойиб совға тайёрлаётганини маълум қилди.

Кеча бўлиб ўтган Sega Fes 2018 давомида компания Sega Genesis ўйин консолининг қайта ишланган талқини - Sega Genesis Mini ёки Mega Drive Mini'ни шу йилнинг ўзида сотувга чиқаришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида баёнот берди.

 

ЎҚИНГ: Замонлар оша: Sega Mega Drive яна сотувга чиқарилади

Sega компанияси ўз номи билан Mega Drive Mini деб номланган ушбу қурилма ўтмишнинг машҳур консолининг кичрайтирилган талқини бўлишини айтмоқда. Sega Genesis ўйин консолининг 30 йиллик юбилейи шарафига мухлисларга тақдим қилинаётган мазкур қурилма кўплаб севимли ва классик ўйинларни ўзида жамлайди.

Жорий йилнинг ўзида дўкон расталарида пайдо бўлажак Mega Drive Mini консолининг кўриниши ўтган йили кўплаб мақтовларга сазовор бўлган Nintendo'нинг NES Classic ва SNES Classic қурилмалариникига ўхшаб кетади. Ҳозирча янгиланган консол ўз ватани - Японияда сотувга чиқарилади. Маълум вақтдан сўнг у халқаро бозорга чиқарилиши кутилмоқда. Бироқ консол йилнинг айнан қайси вақтида сотувга чиқарилиши ва у билан бирга 1990 йилларнинг қайси машҳур ўйинлари ҳаётга қайтиши ҳақида маълумот берилмаяпти.

Ўтган ҳафтада Sega компанияси мазкур ўйин консолларини яна ҳаётга қайтариб, 90 йиллар бизнеси билан жиддий шуғулланмоқчи эканлигини маълум қилган эди. Кузатувчиларнинг фикрича, бир вақтлар компаниянинг ашаддий рақиби бўлган Nintendo ўз классик ўйин консолларини қайтадан ҳаётга қайтаришга муваффақ бўлгани ва бунинг ортидан кутилмаган улкан шуҳратга эришгани ортидан Sega ҳам ҳаракатга тушиб қолган. Бунга қадар Sega 2001 йилда ўз классик консолини Sega Dreamcast номи остида бозорга қайтармоқчи бўлган, лекин муваффақиятсизликка учраган эди.

Sega илк Mega Drive консолини 1988 йил 29 октябр куни Японияда, 1989 йил 14 август куни эса Шимолий Америкада сотувга чиқарган эди. Шу вақтга қадар ўша даврнинг кўплаб ёшларини ўзига мафтун этган севимли консолнинг 30 миллиондан ортиқ нусхаси дунё бўйлаб сотилган.

Бундан бир қанча вақт олдин компания iOS ва Android платформасида ишлайдиган қурилмалар учун Sega Genesis ўйин консолининг бир қатор машҳур классик ўйинларини эълон қилган эди.

ЎҚИНГ: Sega энди iOS ва Android учун бепул ретро ўйинларни тақдим этади

Ҳозирча консолнинг ҳаётга қайтиш вақти аниқ эмас. Балки тез орада болалигингизнинг энг қувончли онларини яна бир бор таътиб кўриш имконига эга бўларсиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.